Йўл қурган савоб, деб бежиз айтилмаган. Туманимизнинг Янгиобод маҳалласи фаоллари, тадбиркорлари яхши ташаббус билан чиқишди. Элим деб, юртим деб, ёниб яшаётган бу фаоллар бир ёқадан бош чиқаришиб, ўзаро маслаҳатлашган ҳолдарамазон ойида ҳашар йўли билан маҳалла ҳудудидаги кўчаларни ободонлаштириш ишларига ғайрат билан, қизғин киришиб кетдилар.


- Ёшлигим ёзда тизза бўйи тупроқ, қишда лой-сув босган мана шу кўчаларда ўтди, - дейди кулиб маҳалла фаолларидан бири, тадбиркор Фахриддин Усмонқулов. - Маҳалладаги тенгқур фаолларимиз билан ўзаро маслаҳатлашиб, ишга киришиб кетдик. Фикримизни маҳалла оқсоқоллари, туман ҳокимлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди. Тегишли ташкилот раҳбарлари ёрдамида буюджетдан ажратилган 625 миллион сўмлик иш бошланиб кетди. Дастлаб маҳалла фуқаролари ҳашари билан иссиқ асфальт ётқизиладиган “Боғбон” ва “Навоий” кўчалари тартибга солинди. Кўчалар четидаги ариқлар тозаланди. Равотхўжа массивидан келтирилиб, кўчаларга тўкилган майда тошлар ёйилди. Кўчаларни асфальтлаш ишларини “Ал-Даҳбед” МЧЖ раҳбари Исмоил Эшмуродов бошчилигидаги техника ва йўлсоз қурувчилар бригадаси олиб боришди.

- Маҳалламизнинг тадбиркор фаоллари ташаббуси билан бошланган бу ишдан сўнг маҳалла маркази кўзни қувонтирадиган шаҳарчага ўхшаб қолди, - дейди Янгиобод МФЙ фаолларидан бири Аҳмаджон Охунжонов. - Келгусида маҳалламизнинг қолган кўчалари ҳам худди шундай чиройли кўринишга эга бўлган ҳолда ободонлаштирилади.
Раббим ҲОТАМОВ.