Албатта тўғри англадингиз, гап бозорларда шу хизмат билан шуғулланувчилар ҳақида бормоқда. Эсимни танигандан бери бу «касб» эгалари тўғрисида илик гап эшитмаганман. Лекин улар бундай гап-сўзларга парво қилишмайди, савдосини давом эттираверишади. Чунки шунинг орқасидан рўзғорини бутлайди, тирикчилик қилади. Очиғи, бу тоифа кишилар орасида жуда бойиб кетганини ҳам кўрмаганман.
Уларнинг бири билан суҳбатлашиб, даромадини сўрадим. «Сиз ҳам айримлар каби бизни юлғич деб ўйлайсиз шекилли» деб хафа бўлди. Сўнг бир кунлик даромадини ҳисоблаб берди.
- Айтайлик, эрталаб соат бешда келиб, деҳқон билан келишаман. Ўйламанг, ҳозирги деҳқон ҳам анойи эмас, молини арзон гаровга бермайди. Йиллар давомида шаклланган одат: унга нақд пул керак, кун бўйи бозорда ўтиришга вақти йўқ. 200 килограмм сабзини минг сўмдан гаплашаман. Уни аввал катта-кичик турга ажратаман, бир қисмини сувда ювиб оламан, кўриниши чиройли бўлсин дейманда. Беш килоси лаборатория, еб кўрувчи ва яна шунақа доналаб терувчига кетади. Камида 20 килоси тушдан кейин минг сўмдан сотилади. 15 минг сўмми бу? Хўш, қолганини 1500 сўмдан сотаман, даромад – 277 минг 500 сўм бўлади. Чипта пули ва тарози пулини қўшинг. Битта мардикорнинг даромадига баравар, тўғрими? Харажат қилмайин деб, ошхонадан овқат овқат емайман, уйдан бирор нарса олиб келаман. Агар тўй ёки маърака қилгувчилар келмаса, кеч 5-6 ларгача сотаман. Саратоннинг иссиғи, қишнинг совуқ кунларида тик оёқда туришни ҳам ҳисобга олинг. Ҳамма ҳам уддалай олмайди буни.
Дарҳақиқат, хорижда ҳам кўп бор гувоҳ бўлганман: гуруч етиштирган, балиқ ушлаган тадбиркор бозорда ўтирмайди. Бу маҳсулотни сотувчилар эса доимо уларни саралаш, қайта ишлаш, харидорга турли кўринишда етказиб бериш билан шуғулланади. Улар шуни касб қилиб олишган.
Пахтачидаги Ёби қишлоғида 200 дан ортиқ киши йил бўйи помидор, бодринг, лимон етиштиради, лекин бирортаси бозорда ўтириб савдо қилмайди. Мижозлар маҳсулотни уйдан келиб олиб кетишади. Шунинг учун айримларнинг «бозордаги нарх-навони олибсотар қимматлаштиряпти» деган иддаосига қўшилмайман. Нима, супермаркетлар гўштни қимматлаштирмаяптими? Маҳаллаларда арава ва машинада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб юрганлар ҳам деҳқон эмас.
Бир ўйлаб кўринг, тайёрлов идораси, биржалар, риэлторлар фаолияти олиб сотарлик эмасми? Нега биз деҳқон бозорларида бу касбни расмийлаштирмаяпмиз. Ёки супермаркет, дўконлардаги мева-чеваларни қайси деҳқон сотяпти?
Деҳқонга манфаат керак, пул керак. У маҳсулотини ўз вақтида, керак бўлса, пайкалдан сота билсин. Бунинг учун тайёрлов идоралари, қайта ишловчилар, логистика билан шуғулланадиганлар тўғридан-тўғри деҳқон билан ишласин. Олибсотарларга ҳам шундай шароит яратиш ва масъулият юклаш керакки, улар маҳсулотни пайкалдан саралаб олиб келсин, етиштирувчи билан дарҳол ҳисоб-китоб қилсин. Экспортчиларга ҳам шундай талаб қўйилса бўлади. Ўшанда «ихтиёри-мажбурий» ярмаркаларга ўрин қолмайди.
Бозорда савдо қилувчилар (эсланг, Буюк Ипак йўлида ҳам улар асосий вазифани бажаришган) аввало маданият ва муомалани ўрганишга, товар кўринишини яхшилашни, аҳоли талаб ва эҳтиёжини ўрганишга мажбур. Уларга иддао қилганимизнинг фойдаси йўқ. Яхшиси, улар фаолиятини қонунлаштириб берайлик.
Фармон ТОШЕВ.