Кичик Килдон маҳалласи фуқаролари қаҳратон қиш фаслининг илиқ кунларидан оқилона фойдаланишмоқда. Маҳалла фаоллари бошчилигида ҳашар йўли билан ҳудуддаги сув йўллари бўлган мавжуд ариқларни тозалаш, қазиш, ариқлар ва катта йўл чеккасидаги мевали ва манзарали дарахтларга шакл бериш ишлари амалга оширилмоқда.

- Маҳалламиз аҳолисининг тотувлиги, иноқлигини мана ишлардан ҳам билса бўлади, - дейди Кичик Килдон МФЙ раиси Алижон Бобоқулов. - Ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан юрагида ўти бор фуқароларимиз ўз хоҳишлари билан шу ишга бел боғлаб, киришиб кетдилар. Натижада, маҳалла марказидаги 1000 метр масофадаги ариқ қазилиб, тартибга олинди. Мевали ва манзарали дарахтларга чиройли қилиб шакл берилди. Бу ишларни амалга оширишда Бахтиёр Умаров, Собир Ирисқулов, Ўткир Абдуқодиров кабилар барчага намуна кўрсатдилар.

- Қиш, ҳаво совуқ деб иссиққина уйда ўтираверсак бу ишларни четдан биров келиб қилиб бермайди, - дейди ҳашар иштирокчиси, фуқаро Бахтиёр Умаров.- Бугунги илиқ ҳаводан фойдаланиб, юрак амри билан шу ишга киришиб кетдик.
Ҳадемай кўз очиб юмгунча дала ишлари қизғин бошланиб кетади. Узоқни кўзлаган қалби дарё тадбиркор инсонлар меҳнати туфайли маҳалла ҳудуди обод масканга айланиб бормоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.