“Янгиқўрғон” маҳалласи мустақил, бепоён ва жаннатмонанд юртимизнинг тенгдоши бўлишига қарамай ,бу ҳудудда ҳам ечимини кутаётган муаммолар анчагина эди. Шуниси қувончлики маҳалланинг элим деб, юртим деб жон куйдираётган инсонларининг бир ёқадан бош чиқариб, маҳалла ободончилигига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётганлиги кўзни қувонтиради.
Маҳалла марказида бўлиб ўтаётган фаоллар йиғилишида албатта, йиғилиб қолган муаммолар ўзаро муҳокама қилинади. Ана шундай йиғилишларнинг бирида маҳалла кўчалари ёзда чанг-тупроқ, қишда эса тизза бўйи лой эканлиги, бу маҳалла аҳлига бир мунча муаммолар туғдираётганлиги ҳақида гап борди. Шунингдек, маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи катта “Оқтепа” ариғидан кечиб ўтиш муаммолари ўртага ташланди... Бу борада йиғилиш иштирокчилари ўз фикирларини билдирдилар. Биров у деди, биров бу...
Шунда:
– Ўртоқлар, - деди маҳалланинг “Боғишамол” кўчаси 59-уйда яшовчи фуқаро Тўлқин Алимов, - кўчаларга тош тўкиб, катта “Оқтепа” ариғи устидан йўловчилар ва мактаб ўқувчилари бемалол ўтишлари учун кўприк қуришни ўз зиммамга оламан. Сизлардан фақат битта илтимос, кўчаларга тўкилган тошларни текислаш, кўприкни жойлаштириш ишларида ҳашар сифатида сал қарашиб юборсангизлар нур-устига нур бўларди.
Йиғилиш иштирокчилари бу таклифни бир овоздан қабул қилишди.
- Шундан сўнг маҳаллада иш қизғин бошланиб кетди, - дейди маҳалла фаолларидан бири, 72 ёшли Мамашариф бобо Неъматов. - 2 километр оралиғидаги янги кўчаларга шағал тош тўкилиб равонлаштирилди. “Оқтепа” ариғи устидан пиёдалар, йўловчилар, мактаб ўқувчилари бемалол ўтишлари учун кўприк қурилиб, ишга туширилди. Обод маконга тўйлар ҳам ярашади, тўйга тўёна билан борамиз, деганларидай, Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тўйини муносиб кутиб олишимизга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган маҳалламиз фуқароси Тўлқин Алимовнинг ҳимматидан ҳаммамиз хурсанд бўлдик.
Маҳалланинг нуроний отахонлари-онахонлари, фаоллари дуога қўл очишиб, элпарвар Тўлқин Алимовнинг келгуси ишларига омад тиладилар.
Раббим ҲОТАМОВ.