Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Чангал ва Юқори Чангал қишлоқларидан иборат бўлган “Чангал-1” маҳалласи маркази кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Кўзни қувонтирадиган янги мактаб ва икки қаватли мактабгача таълим ташкилоти бинолари қаторига тадбиркорлар ташаббуси билан қатор савдо ва маиший хизмат дўконлари қурилиб ишга туширилди.
Маҳалланинг энг ёш тадбиркорларидан бири Музроб Дўсалиев ўз ҳисобидан янги замонавий аква эшик-ромлари устахонасини ишга туширди.- Бундан бениҳоя хурсанд бўлдик, - дейди маҳалла оқсоқолларидан бири, маҳаллий кенгаш депутати Собир Очилов. - Маҳалламиз фаровонлиги учун жон куйдираётган бу тадбиркорнинг ота-онасига раҳмат. Қишлоқларимизда янги замонавий кўринишда қурилаётган уйларимиз шу аква эшик-ромлари эвазига чирой очмоқда.

Тадбиркорларимиздан яна бири Дилноза Мустафоқулова ишга туширган кенг тармоқли савдо дўкони шаҳардагилардан қолишмайди. Унинг ташаббуси билан маҳалла аҳолиси истаган нарсасини шу дўкондан топади.
-Зарурат юзасидан туман марказига бормоқчи бўлиб, шошилиб йўлга чиқдим, - дейди маҳалла оқсоқолларидан бири, фахрий пенсионер Аваз Примқулов. - Йўлдан мени танишларим қайтаришди.
-Нима қиласиз овора бўлиб, мана, шундоққина ёнингиздаги савдо дўконидан истаган нарсангизни топасиз, - дейишди. Маҳалламиз марказидаги савдо дўконига кириб тўғриси ҳайратландим. Ўзим чарчаб ўтирган эдим. Яхши бўлди, рўзғорга керакли ҳамма нарсани ўзимизнинг ёнимиздаги савдо дўконидан топдим. Элим деб, юртим деб жон куйдираётган маҳалламиз тадбиркорларига омад тилашдан ўзга чорам қолмади.

- Маҳалламиз ҳудуди кундан-кунга чирой очишига фуқароларимиз “ҳашар - элга ярашар” деган иборага асосан бир ёқадан бош чиқариб ишлашлари сабаб бўлмоқда,- дейди “Чангал-1” МФЙ раиси Зафаржон Отабоев. - Фаолларимиз бошчилигида ўтказилган ҳашар туфайли Юқори Чангал қишлоғининг 1 километрдан ортиқроқ кўчасига тош тўкилиб, тартибга солинди.
Шунингдек, “Чангал қабристони” томон бориладиган 1 километр масофадаги қишда лой, ёзда тизза бўйи тупроқ йўли ҳам ҳашар тариқасида ободонлаштирилди. Ҳомийлар ташаббуси билан тош тўкилиб, қабристон йўли ҳам равонлаштирилди.
Раббим ҲОТАМОВ.