- Маҳалламиз маркази бундан бир неча йил аввал собиқ давлат хўжалигининг эски, зах, нураб бораётган биносида фаолият юритаётган эди, - дейди “Бешқўтон” МФЙ раиси Гулсум Асқарова. - 2017 йил декабрь ойида маҳалламизнинг бағри кенг фаоллари, оқсоқоллари, тадбиркорлари, ишбилармонлари, қурувчилари ташаббуси билан маҳалла марказининг янги биносига асос солинди.
Янги, замон талаблари асосида қурилган бу 5 хонали бино қабулхона, МФЙ раиси, котиба, мутахассис, маҳалла посбони, профилактика инспектори хонаси, йиғилишлар залидан иборат. Хоналар учун зарур бўлган мебеллар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди жамғармаси томонидан берилди. Лойиҳа-режа асосида қурилган бу бино асоси - пойдеворининг бетон ишлари Акбар Асқаров, Турсунбой Эшимовлар бошчилигида олиб борилди.
Бино деворини кўтаришда ғишт терувчи қўли гул усталар Ёқуб Ибрагимов, Муҳаммадназар Маликовларнинг меҳнати катта бўлди. Бино томини биринчи ва иккинчи қават ёпиш ҳамда пардозлаш ишларини Мурод Абдужабборов бошчилигидаги қурувчилар бригадаси амалга оширишди.
– Ўзинг ҳаракат қилмасанг, четдан биров келиб қуриб бермайди, - дейди маҳалла оқсоқолларидан бири Бозорбой ҳожи Маматов. – Маслаҳатли тўй тарқамас, деганларидай маҳалла фаоллари, бағри кенг инсонлари, тадбиркорлари, ишбилармонлари билан ўзаро маслаҳатлашиб, шу хайрли ишга қўл урдик. Натижада, маҳалламиз марказида кўркам ва чиройли бино қад кўтарди. Бино қад кўтаришида маҳалла оқсоқоллари ва фаолларидан Абдураим Холмонов, Ҳошим Асқаров, Аҳмадали Соипов, Равшан Давиров, Абдуалим Ҳотамовлар бошчилик қилиб туришди. ”Ҳашар – элга ярашар”, деб бежиз айтилмаган. Ҳашар билан қурилган бу бино маҳалла жамолини очиб юборди.
– Маҳалламиз ҳудудидаги 12 та кўчада 3 мингга яқин аҳоли яшайди,- дейди “Бешқўтон” МФЙ раиси Гулсум Асқарова.- Уларнинг болалари учун маҳалламиз ҳудудида 150 ўринли болалар боғчаси қурилиши бошлаб юборилди. Маҳалла биноси ёнидан ҳар томонлама қулайликка эга бўлган маиший хизмат ва савдо дўконлари қурилиши бошлаб юборилди.
- Маҳалламиз янги биносида музей ва кутубхона ташкиллаштирганмиз, - дейди МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Барногул Пирматова. - Музейимизда маҳалла тарихи, қадимий миллий кийимлар, рўзғорда ишлатиладиган қадимий асбоб-ускуналар жой олган. Шунингдек, кутубхонамизда ўзбек ҳамда жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат 100 дан ортиқ китоблар мавжуд. Малоҳат Мавлонова, Жумагул Мисирова, Сарвиноз Асқарова, Моҳира Донишева, Сирож Жўраев, Юлдуз Мардонова, Лола Мўминова кабилар фаол китобхонларимиз ҳисобланишади. Айни пайтда 70дан ортиқ китоблар китобхонлар қўлида.
- Маҳалламиз аҳолиси учун бундай ҳар томонлама қулайликка эга бўлган бинони ҳашар йўли билан қуриб берган бағри кенг ҳомийларга, қурувчиларга маҳалламиз фаоллари, фуқаролари номидан миннатдорчилик билдираман, - дейди маҳалла жонкуярларидан бири Бозорбой Маматов.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: “Бешқўтон” МФЙ раиси Гулсум Асқарова (ўнгдан иккинчи) маҳалла фаоллари билан ўзаро суҳбатда.