Мустақиллигимизнинг 27 йиллик улуғ байрами арафасида маҳалламиз ҳудудидаги ҳамма асосий йўллар, кўчалар сифатли қилиб таъмирланди. 61- ва 5- умумтаълим мактаблари олдидан ўтадиган катта асфальт йўлларга кишиларни, мактаб ўқувчиларини огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилди.
Шунингдек, 2018 йил давлат дастурига киритилган 6 километрли йўл таъмирланишига 1 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Улуғ байрамга бағишланган турли кўнгил очар тадбирлар “Соҳибкор” маданият ва аҳоли дам олиш марказимизда бўлиб ўтмоқда.
Орифжон ХОЛЖИГИТОВ,
Соҳибкор МФЙ раиси.
* * *
Улуғ байрамга Бўдана маҳалласида ҳам катта ва қизғин тайёргарлик кўрилди. Маҳалла фаоллари Азимхон Эшонхўжаев, Бердиқул Холжигитов, Эргаш Мустаев, Бектемир Назарқосимовлар бошчилигида ҳашар тариқасида маҳалла ҳудудидаги Ўртабўз, Мўмин, Бўдана қишлоқларида ободончилик ишлари олиб борилди. Қишлоқ кўчалари, ариқлар, ҳовлилар атрофи тозаланди. Мавжуд дарахтларга шакл берилиб оқланди.
5-умумтаълим мактабининг имконияти чекланган, ногирон 5-синф ўқувчиси, рассом ва шоир Шоҳруҳ Хушмуродов ўқитувчилари Шаҳноза Алламуродова ва Нилуфар Адинаевалар раҳбарлигида улуғ байрамга катта тайёргарлик к ўрмоқда.
Сорахон ЖЎРАЕВА,
Бўдана МФЙ раисаси.
* * *
Оқтош маҳалласида улуғ байрамга меҳнат фахрийлари Давлат Қаршибоев, Суюн Худоёров, Алмамат Қорақуловлар бошчилигида қизғин тайёргарлик кўрилди. -Обод жойга байрам ҳам ярашади,- деганларидай иш маҳалла ободончилигидан бошланди. Оқсоқоллар бошчилигида маҳалла ҳудудидаги ҳамма уйлар байрамона таъмирланди. Сув йўллари тозаланиб, мавжуд кўчалар, йўллар ободонлаштирилди. Маҳалла фуқароси, “Човқи”нинг кекса авлод вакилларидан бири 77 ёшли ҳожи бобо Суюн Норбеков Россия давлатининг пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган катта концертда юртимиз донғини таратиб келган. Ҳожи бобо Суюн Норбеков айни кунларда ёш бадиий ҳаваскорлар билан бирга бу қутлуғ ва улуғ байрамга катта тайёргарлик кўрмоқда.
Худойберди ХЎЖАМУРОДОВ,
Оқтош МФЙ раиси.