Шу кунларда ”BULUNGUR-SANDVIK” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада иш қизғин бормоқда. Корхонада жорий йилда 40 000 тонна маҳсулотларни қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, Булунғур, Жомбой, Ургут ва Тайлоқ туманларидаги фермер хўжаликлари билан шартнома асосида булғор қалампири, лавлаги, укроп, қовоқча, пиёз каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қабул қилиб, қайта ишланган маҳсулотларни 5 - 6 миллион АҚШ долларгача экспортни амалга ошириш режалаштирилган.
Ушбу салоҳияти юксак корхонанинг устав улушида "NORD NATURAL FOOD ALLIANGE LTD" компанияси (Канада) - 74,67 фоиз, МЧЖ "BERAD AGRO" қўшма корхонаси 25,33 фоизни ташкил этади. 2018 йилда МЧЖ "Best Veg Farm" корхонаси билан биргаликда мева-сабзавотчилик кластери ташкил қилиниб, тумандаги "Мингчинор", "Улуғбек", "Бешкуби", "Ўзбекистон" массивларидаги экин майдонларидан 341 гектар ерга эга бўлишди. Ҳозирги кунда бу экин майдонларига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда.


Айни пайтгача 2120,8 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот қайта ишланиб, экспорт қилинди. Корхонада маҳсулотларни қайта ишлаш мавсумида 300-400 нафар мавсумий ишчилар уч сменада меҳнат қилишади. Уларниг ўртача иш ҳақи иш шароитига қараб 1,400-1,800 минг сўмни ташкил этади.

Корхонада мавсумий ишчилар учун ҳамма қулай шароитлар яратилган. Улар иссиқ овқат ва махсус иш кийимлари билан таъминланган. Айни пайтда суткасига 100-120 тоннагача фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқасида пишиб етилган қизил лавлаги ва қовоқча маҳсулотлари қабул қилиниб, қайта ишланмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.