Жаҳлга эрк берган кишилар ҳеч қачон ҳурмат топмаган. Баъзан арзимаган сабаблар туфайли икки эркак кишининг жанжаллашаётгани, муштлашаётгани, аҳён-аҳёнда эса аёл кишиларнинг ўзаро жанжалига ҳам гувоҳ бўламиз. Лекин бизнинг бу галги қаҳрамонимиз аёл киши, у ён қўшниси эркак кишини уриб, дўппослаб оёқ қўлини синдириб, ўртача оғир тан жароҳати етказди. Бунақаси камдан-кам учрайдиган ҳолат.
Нигора (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қўшниси Баҳодир билан анча пайтдан буён гап талашиб юрарди. Бугунгиси айниқса ўтиб тушди. Жанжалдан сўнг кечгача унинг асаби бузилиб юрди. Кечги овқатдан сўнг ҳам тинчлана олмади. Тун, соат 22:30. Нигора шахд билан ўрнидан туриб, ҳовли четида турган таёқ бўлагини олиб, ташқарига қараб юрди. Қўшни ҳовлига бориб, Баҳодирни чақирди. Бироздан сўнг ичкаридан Баҳодир чиқиши билан Нигора қўлидаги таёғи билан Баҳодирнинг дуч келган жойига бор кучи билан шафқатсизларча ура кетди. Калтак зарбидан Баҳодир ётиб қолди.
Суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий маркази туман бўлинмасининг хулосасига кўра Баҳодирнинг танасида, яъни пешона, ўнг елка ва ўнг қўл кафт соҳаларида шилинмалар, чап елка соҳасида қонталаш, иккала тирсак суяклари пастки учлигидан синиши каби жароҳатлари аниқланганлиги, улар ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилганлиги кўрсатилган.
Суд, судланувчи Н. Раҳимовани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-мдаси 2-қисми “г” ва “м” бандлари билан айбли деб топиб, қонунда белгиланган тартибда жазо тайинлади.

ҚЎШНИЛАР ЖАНЖАЛИ
Улуғбек РАСУЛОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан.