Ойшахон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) рўзғор юмушлари билан овора бўлиб, баъзида бемор ётган қайнонасининг иссиқ-совуғидан хабар олишга вақт ажрата олмай қоларди. Бугун ҳам шундай бўлди. Аксига олиб қайноғаси келиб қолди. У онасининг абгор аҳволдалигини кўриб, келинига бақира кетди. Ойшахон вақти бўлмаганлигини рўкач қилган эди, қайноғасининг жаҳли чиқиб, келинининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Келин бир-икки гап қайтарганди, у баттар ғазабланиб, келинини уриб-тепгани камлик қилгандай, ҳақорат ҳам қила кетди. Жаҳл келганда ақл кетар, деб шуни айтсалар керак-да. Аслида қайноға келинига қаттиқ гапириш учун эмас, онасидан бирров хабар олиш учун кирганди. Ҳар иккаласи ҳам воқеа бундай жиддий тус олишини ўйламаганди. Турмуш ўртоғидан бундай калтак еб, ҳақорат эшитмаган Ойшахон ҳам жаҳл устида синглиси Шоҳидага йиғи аралаш қўнғироқ қилди. Бўлган воқеадан хабар топиши билан Шоҳида бу масалага ўзи “нуқта” қўйиш учун зудлик билан йўлга тушди.
Кўп фурсат ўтмай Б.Аҳадовнинг дарвозаси ёнига келиб улгурган Шоҳида “Ҳезалак, чиқ бу ёққа”, деб бақирди. Ҳадеганда дарвозадан ҳеч ким чиқавермади. Бироз фурсат ўтиб уйдан чиққан Б. Аҳадовга Шоҳида ёпиша кетди. Аҳадов ҳам қараб турмади. Оғзига келган сўзлар билан бир-бирларини сийлашди. Камига Аҳадов Шоҳиданинг юзига шапалоқ тортиб, тепиб, итариб юборди. Уларни тинчлантириш учун орага қўшнилар аралашишди.
Кимдир қўнғироқ қилган шекилли, туман ИИБ ХПБ профилактика инспектори ҳам етиб келди. Жаҳл отига минган Шоҳида энди опаси Ойшахон билан бир бўлиб, инспекторга ташланишди. Инспекторнинг қорин қисмига тепиб, қўллари билан елка, бўйин кўкрак соҳаларига уриб, ердаги тошни олиб, инспекторнинг бошига қараб отди, елкасига тан жароҳати етказди. Камига инспекторга тегишли бўлган “Спарк” русумли автомашинасининг чап ён тепа қисми, олд зарбқайтаргичига шикаст етказиб, олд пешойна, чап томон орқани кўриш кўзгусини ҳам синдиришди. Улар бу билан тинчишмади. Шоҳида билан Ойшахон бир гуруҳ бўлиб, туман Тиббиёт бирлашмасига кетаётган “Тез тиббий ёрдам” машинасидан тушиб, фуқаро Б. Аҳадов билан жанжаллашиш мақсадида келган бошқа оила аъзоларини ҳам ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатишга даъват қилиб, фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётган, ўз хизмат вазифасини бажараётган туман ИИБ ХПБ профилактика инспекторини турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, қўллари билан инспекторнинг елка, бўйин, кўкрак соҳаларига уриб, тимдалаб ўз хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилишди.
Суд залида судланувчиларнинг ҳар иккаласи ҳам суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, содир этган қилмишларидан пушаймон эканликларини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.
Суд, судланувчи О. Аҳмедовани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиб, унга нисбатан тайинланган жазолар ЖКнинг 59-моддаси 2-қисмига асосан енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаб, узил-кесил 2 (икки) йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Суд, судланувчи Ш. Усмановани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиб, 8 (саккиз) ойга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
А.ШАМСИҚУЛОВ,
Самарқанд вилоят прокуратура органлари тергов тармоқлари
фаолияти устидан назорат бўлими бошлиғи.
Б.ҲАСАНОВ,
Булунғур туман прокуратураси терговчиси.