Даврон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) истиқомат қиладиган қишлоқ аҳли ҳали-ҳануз кўприкларни таъмирлаш, ариқ-зовурларни қазиш, йўл четларини тартибга келтириш, қабристонларни ободонлаштириш, ҳайит ва байрамларда беморлар ҳолидан хабар олиш каби аждодлардан қолган ибратли удумларга амал қилиб келишади. Бугун ҳам қишлоқ аҳли ушбу азалий удумга амал қилиб, ҳамжиҳатликда артезиан қудуғи қазиш ишларида фаол иштирок этишмоқда. Ҳашарда Даврон ҳам қўшнилари билан барвақт келиб кўмаклаша бошлади, бу иш анча вақтгача давом этди. Ҳашарчилар тушликдан сўнг яна ишга киришиб кетишди.
Даврон ишдан бир зум тўхтаб, пешонадаги терларни арта туриб, кўча бошида йўлнинг у четидан-бу четига мастликдан гандираклаб келаётган Акром амакисини дарҳол таниди. Ҳализамон келиши билан асабга тегадиган гаплар гапириб, жиғига тегишини сезган Давроннинг кайфияти тушиб кетди. Бунинг ўзига яраша сабаби бор эди. Амакилар ўртасида аввалдан низо бўлиб турарди. Ўйлагани бўлди. Ширакайф Акром ҳашарчилар ёнига келиши билан кўзи амакисига тушди-ю, унга қараб шахсиятга тегадиган камситувчи сўзлар билан хақорат қила кетди. Даврон жанжал чиқмасин деб кўпчиликнинг олдида ўзини босди. Орага қўшнилар тушишди. Акром бироз айланиб, ўзича бир нималар деб ғўлдираб, уйи томон кета бошлади.
Кечга томон ҳашар тугаб, уйга қайтган Даврон ювиниб, тамадди қилиб бўлгач, кундузи бўлиб ўтган нохуш воқеа ёдига тушиб, айбсиз бўлсада ҳақорат эшитгани алам қилди. Ўрнидан қўзғалиб, эгнига пиджагини илиб, амакиси билан “гаплашиб олиш” учун уларнинг уйи томон жўнади. Дарвоза ёнига келиб, эшикни тақиллатди. Акромнинг кайфи ҳали унчалик тарқамаганди. Уйдагиларнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан ташқарига чиқди. Дарвоза ташқарисида турган Давронни кўргач, яна ҳақорат қилиб, уни турткилай бошлади. Даврон ҳам қараб турмади. Иккаласи жанжаллашиб кетишди. Жаҳл отига минган Дилшод Акромнинг елкасидан тутиб, кўкрагига тиззаси билан бир эмас, бир неча маротаба зарб билан тепди. Акром оғриқнинг зўридан ерга юзтубан йиқилди. Жанжал катталашиб кетмаслиги учун Дилшод воқеа жойидан кетди. Калтакнинг зўридан Акромнинг кўкрак соҳасидаги бир эмас нақ бешта суяклари синди...
Суд, судланувчи Д. Райимжоновга жазо тайинлашда унинг қилмишидан пушаймонлигини, айбига иқрорлигини ЖК 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этиб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда қонун санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрумқилиш жазосининг энг кам муддатидан ҳам камроғини тайинлашни лозим топиб, ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Суннат КАРИМОВ,
туман прокурори ўринбосари.