Тун ярмидан оққан, ҳадемай тонг ёришади. Соат учлар атрофи. Иккала дўст Хуррам (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан Абдулла “Спарк” машинасида бошқа бир танишининг уйида, телеэкранда намойиш этилаётган футбол бўйича Европа чемпионатини кўриб қайтаётганларида Абдулла пешоб чиқариш учун дўстидан автомашинани йўл четига тўхтатишни илтимос қилди. Машина тўхтади. Абдулла бинонинг орқа томонига ўтиб қайтгач, дўстига бинонинг ертўласида аёл ва эркак кишининг овози эшитилаётганини айтди. Иккаласи бориб ертўла эшигини очиб, қўл телефонининг чироғини ёқиб қарашса, эркак билан аёлни абгор аҳволда кўришди. Дарҳол қўл телефони орқали тасвирга ола бошлади. Орада жанжал келиб чиқди. Натижада, эркак ва аёл енгил тан жароҳати олишди, иш судгача борди.
Суд, мазкур жиноят иши юзасидан ашёвий далил эътироф этилмаганлигини, шунингдек, жабрланувчилар томонидан судланувчиларга нисбатан даъволари йўқлиги тўғрисида ариза тақдим этилганлигини инобатга олишни лозим деб ҳисоблади.
Суд томонидан Х. Турғунов ва А. Алимовлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан қўйилган айблов ЖК 109-моддаси 2-қисмига қайта квалификация қилинди ва ҳар иккаласи ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖК 109-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.
Улуғбек РАСУЛОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси,
капитан.