Дунёда шундай инсонлар борки бутун умрини эл-юрт хизматига бағишлайди. Натижада халқ меҳрига сазовор бўлиб, ҳурмат эътибор қозонади. Туманимиздаги 12-умумтаълим мактаби директори Акбархон Умаров ҳам ана шундай жонкуяр ва фидойи инсонлардан. Мактабда ҳам, маҳаллада ҳам ҳамма бирдай Акбархон Умаровга ҳурмат билан “Домла” деб мурожаат қилишади.
Устоз... бу сўзнинг замирида қанчадан қанча шогирдларининг қалбини муомала маданияти билан забт этган теран тафаккур, мустаҳкам билим, юксак истеъдод, камтарона фазилатга эга бўлган шахс тимсоли гавдаланади. Қолаверса, шу обрў-эътиборга етишгунча қанча-қанча уйқусиз тунлар, машаққатли меҳнат қилинган. Акбархон Умаров ана шундай шарафли йўлни босиб ўтган.
Ёшлигидан ўқитувчи бўлишни орзу қилиб юрган Акбархон ака мактабни тугатгач Тошкент Давлат университетининг тарих факултетига ҳужжатларини топширди. Имтиҳонларни аъло баҳоларга топшириб, талабаликка қабул қилинди. Олий таълим юртида ўқиш билан бирга қурилишда ишлаган. Тошкентнинг осмонўпар биноларининг қад ростлашида ўз ҳиссасини қўшди. Лекин, оиладаги шароитлар, айрим қийинчиликлар сабаб, ўқишини сиртқи бўлимига алмаштирди. 1983 йилда она қишлоғига қайтиб, ўзи ўқиган 12-умумтаълим мактабига бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашди. Шу-шу мана салкам 40 йилдирки, ўқувчиларга сифатли таълим бериб келмоқда.
Ўзига хос вазминлик, кучли педагогик маҳоратга эга бўлган жонкуяр ва маъсулиятли инсон А.Умаров ёш авлодга тарих фанидан билим берибгина қолмасдан, ўқувчиларнинг қалбига ватанпарварлик, она заминга муҳаббат, миллий анъаналаримиз руҳини сингдирмоқда. Хусусан, буюк тарихимиз орқали уларни мард ва жасур, аллома ва донишманд боболаримизга нисбатан чексиз ҳурмат ҳиссида тарбияламоқда. А.Умаров тиришқоқлиги, жонкуярлиги, ташаббускорлиги туфайли мактаб жамоасида ҳурмат- эътибор қозонди. Шу сабабли 1987 йилда умумтаълим мактабининг тарбиявий ишлар бўйича, 1996 йилда эса ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатди. Бу даврда А.Умаров мактабда маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида турли хил кўрик-танлов ва тадбирлар ташкил қилди. Вилоят ва туман миқёсида ўтказилган тадбир ва кўрик-танловларда мактаб ўқувчилари фаол иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритди. Бу эса ўз ўрнида 12-умумтаълим мактабининг туман мактаблари орасидаги обрў-эътиборига сабаб бўлди.
2001 йилда ана хизматлари учун мактаб жамоаси бир овоздан А.Умаровни мактаб директори вазифасига сайлашди. Мана, салкам 21 йилдирки, меҳрибон устоз Акбархон Умаров мактаб жамоасига бош бўлиш билан бирга умумтаълим мактабида юртимизда соғлом ва баркамол, мард ва жасур, ватанпарвар, билимли ёш авлодни тарбиялаб вояга етказишдек масъулиятли вазифани амалга ошириб келмоқда. Зеро, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ таълими ходимларига фарзандлар таълим-тарбиясида ота-оналар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бориш, таълим сифати ва самарадорлиги ошириш бўйича белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бугунги кун ўқитувчиларининг масъулиятли ва шарафли вазифасидир.
- Мамлакатимизда ўқитувчининг жамиятдаги обрў-эътибори, нуфузи, ойлик маошининг оширилиши, келажагимиз бўлган ёшларнинг камолати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар биз ўқитувчилар олдига катта масъулият юклайди, – дейди устоз муаллим А.Умаров. – Ва албатта, бу ишларни амалга оширишда бор куч-ғайратимизни аямаймиз.
Ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий етук инсонлар қилиб тарбиялашдаги меҳнатлари учун 2012 йилда А.Умаров Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги томонидан “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими томонидан кўплаб фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Акбархон Умаровлар оиласини ҳақли равишда “Педагоглар оиласи” деб айтиш мумкин. А.Умаровнинг 2 нафар ўғли, 3 нафар қизи ва 2 нафар келини айни пайтда мактаб ўқувчиларига дарс бериб келмоқда. Яна бир фарзанди Илҳомжон Умаров Жиззах Педагогика олийгоҳида талабаларга фалсафа фанидан сабоқ беради. У факультет кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори.
Минглаб шогирдлар устози, 20 га яқин невараларнинг севимли бобоси Акбархон Умаров яқинда 60 ёшини нишонлайди. Пайтдан фойдаланиб юртимиз тинчлиги, фарзандлар камоли йўлидаги ишларига таълим соҳасидаги меҳнатларига ижодий зафарлар тилаймиз.
Сардор ЖЎРАБОЕВ,
12-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий
ишлар бўйича тарғиботчиси.