Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати
ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир.
Абдулла АВЛОНИЙ.
Дунёда касблар кўп. Албатта, ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Ўқитувчилик касблар ичида ҳам шарафли, ҳам машаққатли касблардан. Бугунги кунда юртимизда ўқитувчилик касбига эътибор кучайтирилиб, унинг нуфузини ошириш, шароитлар яратишга давлатимиз сиёсати даражадаги масала сифатида қаралмоқда.
Дарҳақиқат, ўқитувчи – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсонлардир. Туманимизда ҳам кўплаб ана шундай сифатларга эга бўлган ўқитувчилар, устозлар ва меҳнат фахрийлари бор. Ана шундай устозлардан бири Жумагул опа Бердимуродовадир.
Жумагул опа қарийб қирқ йил туманимиздаги 14-умумтаълим мактабида бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида иш фаолиятини олиб борган. Ж. Бердимуродова бутун кучини, ақл-идрокини, билим ва зеҳнини, қалб-қўрини ёш авлодга - шогирдларига бахшида этган заҳматкашдир. Опада педагогга хос бўлган барча хислатлар, фазилатлар мужассам эди. Устоз ўз касбини севар, ўқувчиларини ўз фарзанди каби кўриш баробарида педагогик фаолиятини олиб борди.
- Мактаб улуғ даргоҳ, мактабга эрта бориб кеч қайтардим, дарс ўтиб завқ олардим,- дейди биз билан суҳбатда Жумагул опа.
- Болаларнинг кўзи ёниб туришидан ҳузурланардим, масъулият ва меҳнат менинг суянчим эди. Уй ишларим, фарзандлар тарбиясидан ортиб кечки вақт дафтар текшириб, китоблар ўқиб борардим, лекин чарчаш нималигини билмасдим. Чунки, мактаб, ўқувчилар ҳаётимнинг бир қисми эди, тушларимга дарслар кириб чиқарди.
Айни пайтда нафақа гаштини сураётган фидойи устозга муборак ҳаж сафарига бориш, зиёрат қилиш ҳам насиб этган. Устознинг юзлаб шогирдлари бугунги кунда турли соҳаларда фаол иш олиб бориб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Ўз ўрнида биз ёш педагоглар ҳам фахрий устозларга ўхшашга, уларнинг бой тажрибаларини ўрганишга, устоз деган шарафли номга сазовор бўлишга ҳаракат қиламиз.
Бегзод АЛИМОВ,
14-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.