Умрни чиройли ва мазмунли ўтказишда чинаккам меҳнат ва фидойи бўлиб яшаш талаб этилади. Бу хусусиятлар эса ўз ўрнида эл-юрт ҳурматига олиб келади. “Дарахт бир жойда кўкаради”, деган ҳикматли гапимиз бор. Мақоламиз қаҳрамони (марҳум) Абдусаттор Ҳасанов ҳам ана шундай машаққатли, аммо шарафли йўлни босиб ўтган инсонлардан биридир. Ҳар сафар яқин устозларинг ёки дўстларинг вафот этганда ёдингга улар босиб ўтган шарафли йўл, ибратли умри кўз олдингга келади...
Устозимиз Абдусаттор аканинг болалиги туманимизнинг Қирқ Шоди қишлоғида ўтган. 48-умумтаълим мактабини тамомлагач, 1975-1980 йилларда Самарқанд Давлат университетининг Тарих факультетида таҳсил олади. Олий ўқув юртини тамомлаб, ўзи ўқиган мактабга ишга келган ёш Абдусаттор тез орада жамоада обрў-эътибор қозонади. Шу туфайли бўлса керак, 1986 йилда мактаб жамоаси А.Ҳасановни мактаб директорлигига сайлашади. 1986 йилдан 2013 йилгача 48-умумтаълим мактаби директор лавозимида фаолият юритди. У қарилик нафақасига чиққунга қадар 27 йил давомида 1 та мактабда раҳбарлик қилди. Албатта, бундай ҳаёт йўли ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Иш фаолияти даврида мактаб жамоаси жуда катта муваффақиятларни қўлга киритди. Хусусан, 2009 йилда шогирди, шу мактаб ўқитувчиси Эркин Эшназаров “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танловида Республикада фахрли биринчи ўринни эгаллади. Шу йили Эркин Эшназаров “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Айни пайтда А.Ҳасановнинг шогирди Эркин Эшназаров 48-умумтаълим мактабида директорлик вазифасида ишлаб келмоқда.
А.Ҳасанов 2020 йилда вафот этди. Бугунги кунда домланинг 3 нафар ўғли ва 3 нафар қизлари турли вазифаларда эл-юрт учун хизмат қилиб келмоқда. Кези келганда шуни ҳам айтишимиз керакки, 48-умумтаълим мактаби қўлга киритган ютуқлари замирида туман халқ таълими бўлимининг ўша вақтдаги талабчан раҳбари М.Маматов, услубий бўлими мудири Ў.Бўрибоев ва услубчи Ш.Аноровларнинг ҳам ҳиссаси бор.
Умр оқар дарё, у бир зумда ўтиб кетади. Ундан фақат яхши ишлар, яхши ном қолади. Устоз Абдусаттор Ҳасановнинг ҳаёти бунга ёққол мисолдир.
Шовқиддин АНОРОВ,
35-умумтаълим мактаби директори.