Ҳар бир инсон ёшлигидан кимгадир эргашиб, бирор касб эгаси бўлади. Ана шундай кишилардан бири “Ғўбдин” тоғи орасидаги “Қурсой” қишлоғида туғилган Бурхон ака Эшимов ҳам ёшлигида, тўғрироғи мактаб ўқувчилиги давридаёқ ўзига таълим-тарбия берган устозларига ҳавас билан вояга етди. “Катта бўлсам мен ҳам албатта, ўқитувчиларимизга ўхшаган ўқитувчи бўламан...” Бу унинг орзуси эди.
1958 йилда ўзи ўқиган туман марказидаги 60-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфини муваффақиятли битирган Бурхон Эшимов йигитлик бурчи сифатида ҳарбий хизматга отланди. У пайтларда ҳарбий хизмат уч йиллик эди. Армиядан куч-ғайратга тўлиб қайтган, билимга чанқоқ аскар Бурхон Эшимов 1962 йилда олий маълумот олиш мақсадида ҳужжатларини Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти Тарих-филология факультетининг тарих-география бўлимига топширди. Талабаликнинг олтин даврида у институт профессор-ўқитувчиларидан сабоқ олди. Институтни 1967 йилда муваффақиятли битирган Бурхон Эшимов дастлабки иш фаолиятини шаҳар марказидаги кечки ишчи ёшлар мактабида ўқувчиларга тарих-география фанларидан дарс бера бошлади. У ўз иш фаолияти давомида ўзини ўқитган устоз-ўқитувчилар Баҳром Тошмуродов, Эргаш Юнусов, Мунаввар Миразимов, Ҳайдар Маматқулов, Абузар Латипов, София Мухаммеджонова ҳамда ўзининг жонкуярлиги билан ҳаммадан ажралиб турадиган Сарвар опа Яхёеваларнинг меҳрибонлиги, олтинга тенг маслаҳатлари туфайли ёш ўқитувчи Бурхон Эшимов ўз йўлини топиб олди.
– Ўрта мактабда ўқитган устозларимдан жуда кўп нарсаларни - кийинишни, муомала маданиятини, ширин ва тўғри сўзликни, одоб-ахлоқни ўргандим ва амалда қўллаб яхши натижаларга эришдим, - дейди ғурур билан Бурхон муаллим Эшимов. –Ўзимдаги ҳамма яхши хислатларимни шу устозларимдан олдим. Лекин, афсуски устозларимиз ҳозир орамизда йўқ, аммо улар қалбимда барҳаёт. Менинг педагоглик фаолиятимда туман халқ таълими методика кабинети мудири Ғани ака Дадажоновнинг хизмати катта бўлди. Кўп йиллар давомида у киши билан ҳамкорликда ишладик. Ғани Дадажонов ажойиб педагог эди.
Устоз педагог Бурхон ака Эшимов кўп йиллар давомида 1-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга тарих–география фанларидан сабоқ бериб, 1995 йилда нафақага чиқди. Бурхон муаллимнинг жуда кўп шогирдлари айни кунда мустақил юртимизнинг гуллаб яшнаши учун турли соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.
– Мен ўқувчилик давримдаги устозим Бурхон Эшимовга ҳавас қилиб ўқитувчиликни танладим, - дейди 22-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби директори Зоҳида Артиқова. - Биз шогирдлар севимли устоз изидан бориб, ҳеч кимдан кам бўлганимиз йўқ.
Бурхон муаллим турмуш ўртоғи, олий маълумотли Зулфия опа билан бир ўғил ва уч қизни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказишди. Қизлари меҳрибон оталари изидан боришиб, олий маълумотли ўқитувчи сифатида ёш авлодга таълим-тарбия беришмоқда. Ўғли фермер хўжалигида деҳқончилик билан шуғулланади. 16 нафар невара, 5 нафар чеваранинг севимли бобожони, ёшларнинг севимли устози Бурхон ака Эшимов бугунги тинч ва тотув ҳаётда ўзининг 83 баҳорини кутиб олмоқда. Устоз учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин! - деймиз.
Раббим ҲОТАМОВ.