Мақоламиз қаҳрамони Бозорбой бобо Маматов ҳам ёшлигида, айниқса ўқувчилик даврларидаёқ ўзининг хушмуомалалиги, билимдонлиги билан билан ўз тенгқурлари орасида ажралиб турган. У фан ўқитувчиларининг кийиниши, ширин муомаласи, билимдонлигига ҳавас қилиб Ғўбдин тоғи этакларидаги Бешқўтон қишлоғида униб-ўсиб вояга етди.
Ўрта мактабни аъло баҳоларга битирган Бозорбой ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ни муваффақиятли битириб, дастлабки ишни тумандаги 46-умимий ўрта таълим мактабида оддий ўқитувчиликдан бошлади. Ўзининг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги ва билимдонлиги билан тез орада туман раҳбарларининг эътиборига тушди. Собиқ Иттифоқ даврида райком комсомол секретари сифатида туман ёшларига етакчилик қилди. Райкомда йўриқчи-инструктор, кейинчалик “Булунғур” жамоа хўжалигида партия ташкилоти секретари лавозимларида ишлади.
Ўзининг самарали меҳнати билан эл ҳурматини қозонган Бозорбой Маматов Ўртабулоқ қишлоқ фуқаролар йиғини раиси сифатида аҳоли турмуш даражаси фаровонлигини ошириш билан бирга қишлоқ ободончилиги ишларига бошчилик қилди. 2005 йилда нафақага чиққан Бозорбой акани маҳалладошлари ҳол-жонига қўймай Бешқўтон МФЙ раислигига бир овоздан сайлашди. Маҳалла оқсоқоли сифатида фаоллар билан биргаликда маҳаллада катта ободончилик ишлари амалга оширилди.
Бозорбой Маматов иш фаолияти давомида Ўзбекистон мустақиллигининг 20, 25 ва 30 йиллиги ҳамда Меҳнат фахрийси кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар, дипломлар ва қимматбаҳо совғалари билан муносиб тақдирланган. Айни пайтда Бешқўтон МФЙ “Қариялар гуруҳи” раҳбари, туман Нуронийлар кенгаши аъзоси сифатида ибратли ишларга бошчилик қилиб келмоқда.
- Дастлабки иш фаолиятимда менга тажрибали ўқитувчи Гўбай Бутунбоев устозлик қилди. Партия ва давлат ишларида асосий устозларим Эгам Хидиров, Облоқул Бобоқулов, Абдураҳмон Қодиров кабилар тўғри йўлни кўрсатиб, самимий устозлик қилдилар, - дейди Бозорбой бобо Маматов. - Шунингдек, вилоят миқёсида менга Носир Якубов, Марям Шодиевалар ҳам иш юзасидан беназир устозлик қилдилар. Яқин маслаҳатдошим, қадрдон устозларимдан яна бири Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Норбеков барча ишларимда энг яқин маслаҳатдошим эди. У беназир инсондан ҳар қандай иш бўйича доно маслаҳатларини олиб турардим. Устозларимга бир умр таъзимдаман.
50 йиллик меҳнати давомида Бозорбой бобо Маматов ҳам жуда кўп ёшларга устозлик қилди. Маматқул Усмонқулов, Абдумурод Жўраев, Гулсум Асқарова, профессор Умирбой Пирназаров, Нортожи Яхшилиқов каби турли соҳаларда раҳбар бўлиб ишлаган шогирдлари билан ҳақли равишда фахрланади.
Бозорбой Маматов турмуш ўртоғи Гулбаҳор опа билан (охиратлари обод бўлсин) 6 нафар қиз ва 2 нафар ўғилни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказдилар. Дилором, Дилбар, Дилфуза, Шоҳиста, Наргиза, Феруза, Мусурмон ва Жаҳонгирлар олий маълумотли мутахассис сифатида мустақил юртимиз равнақи йўлида турли соҳаларда оталари Бозорбой бобо Маматовдек ғайрат ва шижоат билан самарали меҳнат қилишмоқда.
- Отажонимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейди 18-умумтаълим мактабининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Дилором Маматова. - Ёшлигимиздан ўқишга, илм олишга қизиқтириб вояга етказдилар. Биз ҳамма опа-сингил ва укаларимиз билан бошимиз ерга теккунича отамизга таъзимдамиз...
Ўзининг 78-баҳорини қарши олаётган Бозорбой бобо шу кунларда ўғил-қизлари ва 30 нафардан ортиқ невара, чевара, эваралари ардоғида.
-Мен учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак, - дейди Бозорбой бобо баҳорий кайфият билан кулиб.
Раббим ҲОТАМОВ.