- Мадирим ака, сигиримиз ётиб қолди. Қассоблар сўямиз дейишмоқда. Бизга бир маслаҳат берсангиз, - деди қишлоқдан келган ўрта яшар одам.
- Бизнинг қўйларимиз...Бизнинг товуқларимиз... Бизнинг молларимиз...Тажрибали ёш ветврачнинг қўли-қўлига тегмайди. Айтилган жойга зудлик билан етиб боради. Бемор молларни, паррандаларни даволайди. Уларни парваришлаш ҳақида уй соҳибларига тегишли маслаҳатларини беради. Ўзининг хушмуомалиги, камтарлиги, меҳнатсеварлиги билан халқ орасида “ўзимизнинг ветврачимиз Мадирим ака” деган ҳурматли номга сазовор бўлди...

Туманимиз аҳолисининг ҳурматига сазовор бўлган ветеринария врачи Мадирим Наримов Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, ҳозирги Элликқалъа туманида туғилиб ўсди. У ўқувчилик давридаёқ илмга ташналиги билан ўз тенгқурларидан ўзиб кетди. Шу сабаб мактабни аъло баҳоларга битирди. Олий таълим олиш орзуси ёш Мадримни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридаги Қишлоқ хўжалик институтига етаклади. Мадирим дастлаб институт қошидаги тайёрлов курсида ўқиди. 1971-1973 йиллар давомида ҳарбий хизматда йигитлик бурчини адо этди. Илмга ташна Мадирим армиядан куч-қувватга тўлиб келгач, институтнинг ветеринария факультетига ўқишга кириб ўқиди. Талабаликнинг “олтин даври” давомида Мадирим Наримов профессор-ўқитувчилардан ветеринария соҳасининг ўзига хос қирраларини қунт билан ўрганди. Қўлига олий маълумотли ветеринар врачи дипломини олгач, биринчи ишни Элликқалъа туманидаги ветеринария станциясида даволовчи ветврач (терапевт) сифатида бошлади.
Турмуш ўртоғи Самарқандда қолган Мадирим Наримов қалб амри билан 1979 йилдан бошлаб Булунғур туманида ветврач бўлиб ишлади. Ўзининг тиниб-тинчимаслиги, билимдонлиги, ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги билан тез орада Эгам Хидиров, Облоқул Бобоқулов, Қўчқор Жуманиёзов, Мамаражаб Солиев каби туман раҳбарларининг назарига тушди. Шу сабабли Булунғур туманлараро хўжалик ҳисобидаги ветеринария-санитария отряди бошлиғи, кейинчалик туман чорвачилик бўлими бошлиғи, ветеринария лабораторияси директори, лаборатория паразитолог ветврачи сифатида самарали меҳнат қилди. 45 йиллик самарали меҳнати давомида кўплаб фахрий ёрлиқлар ва совғалар билан тақдирланди. Энг асосийси, халқ ҳурматини қозонди. Айни пайтда туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритмоқда.
- Жамоамизда 24 нафар ветеринария мутахассислари меҳнат қилишмоқда, - дейди Мадирим Наримов. - Улар туманимиз фермер хўжаликларидаги мавжуд 2352 бош қорамол, шундан 862 бош сигир, 2660 қўй-эчкилар, 25509 бош паррандалар соғлигини назорат қилишмоқда. Бу борада ишчи шогирдларимдан Келдиёр Азимов, Шохруҳ Ашуров, Маҳмуд Раҳимов, Баҳриддин Ғайбуллаев, Фарҳод Исоқуловлар самарали меҳнат қилишмоқда.
- Мен самимий инсон Мадирим Наримов билан 1979 йилдан буён елкама-елка бирга ишлаб келмоқдаман, - дейди туман чорвачилик бўлими бошлиғи Абдуманнон Пўлатов. - Унинг юриш-туришига, меҳнатсеварлигига, билимдонлигига, тўғри сўзлигига ҳаммамиз ҳавас қиламиз.
Мадирим Наримов институтдаги курсдоши Зумрад Ибрагимова билан ширин турмуш қуриб, 3 нафар фарзандларни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказишди. Катта ўғли Хуршиджон таржимон, қизи Нодирабегим Италиянинг Милан шаҳридаги халқаро БИКОКА университетининг 3-босқич талабаси, кичкина ўғли Умиджон Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Эстел акадимиясини муваффақиятли битириб ишламоқда.
3 нафар суюкли набираларнинг бобоси бўлган Мадирим Норимов ҳали ҳам ёш йигитлардай чаққон, ҳаракатчан. Айни кунларда халқимизнинг севимли ветврачи Мадирим Наримов ўзининг 70-баҳорини қарши олмоқда. Фурсатдан фойдаланиб Мадирим акани таваллуд куни билан самимий табриклаймиз.
Раббим ҲОТАМОВ.