Ёшлигидан ўзининг ҳозиржавоблиги, топқирлиги, меҳнатсеварлиги, билимдонлиги, ташаббускорлиги билан ўз тенгқурлари орасида ажралиб турган Олимжон Икромов 1971 йилда Самарқанд Давлат университетининг инженер-химик факультетини муваффақиятли битириб, дастлабки иш фаолиятинини тумандаги “Шароб комбинати”да оддий лабаротория ишчиси сифатида бошлади.
У меҳнаткашлиги, зуккоклиги ва ташкилотчилиги туфайли тез орада туман раҳбарларининг нигоҳига тушди. 1971 йилдан 1991 йилгача туман Ёшлар ташкилоти иккинчи котиби, туман партия комитети бўлим бошлиғи, учинчи ва иккинчи котиби вазифаларида меҳнат қилди. Билимга чанқоқ Олимжон Икромов ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда 1991 йилда Тошкент Политология ва бошқарув институтининг бошқарув ва психология факультетини тугатди. Ўтган давр давомида туман аҳолиси турмуш фаровонлигини яхшилаш, ёш авлод камолоти учун шароит яратиш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш бўйича тинмай ҳаракат қилди.
1948 йил 10 октябрда қўшнии Жомбой туманида туғилган Олимжон Икромов1991 йилдан 2002 йилгача Булунғур “Шароб комбинати” бош директори, 2002 йилдан 2003 йилгача Булунғур Пойафзал фабрикаси директори сифатида маҳсулот ишлаб чиқариш сифатини яхшилаш ҳамда туман иқтисодини кўтариш мақсадида кўпгина самарали ишларни амалга оширди. Олимжон Икромов 2000 йилда фаолияти тугатилаётган “Шароб комбинати” ўрнида “Буюм бозори”ни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Ўша йиллари “Деҳқон бозори” “Буюм бозори” билан аралашиб кетган эди. Бу ташаббусни туман раҳбарлари қўллаб-қувватлашди. Шу сабабли 2004 йилда янги “Буюм бозори”ни қуришга “старт” берилди. Туман марказига туташ ташландиқ, чиқиндихонага айланган бу жойдан тадбиркорлар савдо қилиши учун замонавий дўкон ва расталар қурилди. Шу билан “Булунғур Буюм Бозори” маъсулияти чекланган жамиятига асос солинди. Олимжон Икромов умрининг сўнгги кунигача ушбу жамият раиси сифатида фаолият кўрсатди.
Бутун умри давомида туман аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини яхшилаш, ёш авлод камолоти учун шароит яратиш учун меҳнат қилди.
Олимжон Икромов турмуш ўртоғи Мунира опа билан тўрт ўғил ва бир қизни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказишди. Фарзандларининг ҳаммаси олий маълумотли мутахассис сифатида бепоён юртимизнинг равнақи учун турли соҳаларда оталари Олимжон Икромовдек “элим деб, юртим деб” самарали меҳнат қилишмоқда.
- Раҳматли отам биз фарзандларига “доимо яхши ўқинглар, ўқиган одам ҳеч кимдан кам бўлмайди”, - дердилар дейди ўғли Ойбек. - Айтганлари келди. Ҳаммамиз олий маълумотли мутахассис сифатида ҳеч кимдан кам бўлмай, меҳрибон отамиздек юртимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилмоқдамиз.
9 май - “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида ўғил-қизлари, келинлари, қариндошлари, оға-инилари, йигирмага яқин неваралари тўкин дастурхон атрофида Олимжон Икромовни соғинч билан эсга олдилар.
Оилапарвар инсон, меҳрибон ота, невараларнинг суюкли бобоси, ёшларнинг севимли устози, тадбиркор раҳбар Олимжон Икромовнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий яшайди.
Раббим ЭРГАШЕВ.