Қалби дарё халқимизнинг ажойиб одатлари бор. Бирор даврада ўтириб қолсангиз албатта, қишлоғингни, ота-онангни суриштиришади.
- Меҳмон, кечирасиз, кўзимга иссиқ кўринаяпсиз. Қаердан ва қайси қишлоқдансиз. Отангиз ким? - деб сўрашади ёши кексароқ кишилар.
- Отам Бўрибой Бобонов, Тонготар қишлоғидан, - дейман.
- Э-ҳа, ветврач Бўрибойнинг ўғлимисан. Кўзларинг ўхшаб турибди. Отанг эл ҳурматини қозонган ажойиб инсон эди...
- Бу гапдан сўнг албатта, (жойлари жаннатдан бўлсин) шундай отам борлигидан мағрурланиб кетаман, - дейди Бўрибой Бобоновнинг ўғли Аслиддин Бобонов...
Бўрибой Бобонов ҳам ўз даврида кўп қийинчиликларни бошдан кечирган, меҳнаткаш ҳалол одам бўлган... Бўрибой Бобонов 1939 йил олтин кузнинг охирги кунларида Тонготар қишлоғида, оддий деҳқон оиласида дунёга келган. Икки ёшлигида отасидан ажралган Бўрибой ва унинг акалари, опаларини амакиси Дагар ака тарбиялаб вояга етказди. Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган даврда, очарчилик, қаҳатчилик каби қийнчиликлар бу оилани ҳам четлаб ўтмади. Шу боис ёш Бўрибойнинг онаси Ҳожар она болаларни боқиш учун тиним билмай колхоз идораси ва мактабда фаррошлик қилди...
Бўрибой 8 ёшидан бошлаб онасига ёрдамчи бўлиб ишга киришиб кетди. Дарсдан кейин акаси билан уйдаги бузоқ ва сигирни боқарди. Шу йили сигир кунига уч маҳал уч пақирдан сут берадиган бўлди. Сутдан тушган пулларга 15 бош товуқ сотиб олинди. Кунига 10 дона тухум берадиган товуқлар ҳам рўзғорга барака олиб келди. Бўрибой дала ишларида онасига қанот бўлди. 15 ёшидан бошлаб мустақил ишлай бошлади. Лавлаги ва пахта орасини чопиқ қилиб юмшатиш ишларида ишлади...
45-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфини аъло баҳолар билан битирган ёш Бўрибой дастлаб “Красногвардейский” совхозининг 4-бўлимида статист бўлиб иш бошлади. Ёш Бўрибойнинг орзу-умидлари, интилишлари уни Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига етаклади.
1969 йилда институтни муваффақиятли битирган Бўрибой совхозда зоотехник бўлиб иш бошлади. Ўша пайтларда қишлоқ хўжалигида чорвачилик энг оғир тармоқлардан бири бўлган. Ўзининг меҳнаткашлиги, билимдонлиги, хушмуомиласи, тадбиркорлиги билан туман раҳбарларининг эътиборига тушди. Шу боис райкомда инструктор, кейинчалик қатор совхозларда партком бўлиб ишлади. Кейинчалик туман чорвачилик бўлими бошлиғи сифатида ўзи севган чорвачилик ишларига шўнғиб кетди. Қорамоллар, қўй-эчкилар, чўчқачилик соҳаси, етти хазинанинг бири товуқларни турли хил касалликлардан асраш борасидаги ишлар тўғри йўлга қўйилди. Бу борада назорат кучайтирилди. Шу сабабли туманда гўшт, тухум ва сут етиштириш ишлари ривожланиб кетди.
- Марҳум устоз Бўрибой ака Бобоновдан энг аввало, хушмуомалаликни ўргандик, - дейди шогирдларидан бири, туман чорвачилик бўлими бошлиғи Абдуманнон Пўлатов.- У кишига ҳавас қилиб, ёнма-ён юриб, чорва молларини назорат қилиш, уларни даволаш, касалликларининг олдини олиш, парваришлаш каби ишларни катта қизиқиш билан ўргандик.
Бўрибой Бобоновнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари рағбатлантирилди. У туман ва вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, дипломлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бўрибой Бобонов турмуш ўртоғи Маҳбуба опа билан 6 нафар фарзанд - 4 нафар ўғил ва 2 нафар қизларни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди. Айни пайтда бу оқил фарзандлар меҳнаткаш оталари Бўрибой Бобоновнинг изидан бориб, мустақил юртимизнинг фаровонлиги йўлида турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилишмоқда.
Ўз касбининг моҳир билимдони, фидоий инсон, оилапарвар ота Бўрибой Бобоновни ҳар йили 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни”да оила аъзолари, фарзандлари, неваралари, чеваралари, яқин оға-инилари, қариндошлари тўкин дастурхон атрофида мамнуният билан эсга олишади.
- Ўзининг самарали ва ҳалол меҳнати билан эл олқишига сазовор бўлган отамиз билан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейишади оқил фарзандлар.
Раббим ҲОТАМОВ.