Юртимизда байрамлар кўп. Бу байрамлар орасида баҳорнинг илк кунларида нишонланадиган Наврўз байрами алоҳида ўрин тутади. Чунки, шарқона янги йил – Наврўз байрами эзгулик, баҳрикенглик, ҳалоллик, покизалик, бунёдкорлик фазилатларини ўзида мужассам этади. Инсонлар ўртасида ушбу юксак туйғуларни кенг тарғиб қилиш билан умуминсоний аҳамиятга эга.
Халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келаётган Бирлашган Миллат Ташкилоти тарафидан Халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг ана шундаё беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда ушбу айёмни мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ҳар томонлама юксак савияда нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.
Наврўз байрами Булунғур туманида ҳам катта кўтаринкилик билан нишонланди. Байрам арафасида туман ҳокими ва сектор раҳбарлари тумандаги Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакиллари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Меҳр дафтари”да рўйхатда турганлар ва беморхоналардаги касаллар ҳолидан хабар олинди.
Наврўз байрами сайили туманимидаги Мингчинор ўйингоҳида бўлиб ўтди. Тумандошларимиз Наврўзни “Ассалом Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми” деган бош ғоя асосида ўзгача тараддуд, бунёдкорлик, яратувчанлик, иштиёқи билан кутиб олди.

Наврўз тадбирида туман ҳокими Самандар Астонов булунғур халқини байрам билан табриклади. – Туманимиз халқи бу йилги Наврўзни улкан ютуқлар билан кутиб олмоқда. Туманимизда ўнлаб уй-жойлар, замонавий корхоналар, маданият ва спорт саройлари қурилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм соҳаларида ҳам бир мунча амалий ишлар қилинди. Иқтисодиётни барқаорлаштиришга қаратилган сай-ҳаракатларимиз натижасида аҳолимиз реал даромади ошди. Наврўз айёмининг асл мазмунига ҳамоҳанг эзгу ишлар туманимизда ҳам амалга ошаётгани қувонарлидир.
Жорий йилда “яшил макон” доирасида туманимизни янада ободонлаштирамиз. Азалдан Наврўз кунларида инсонлар бутун борлиқ ва табиатга меҳр-муҳаббат кўрсатиб, янги ниҳоллар қадаган. Қут-барака келтирадиган турли экинлар уруғи она замин бағрига сочилган. Наврўзи оламнинг бу йцилги қадами қутлуғ бўлсин. Нон-сувимиз сероб, дастурхонимиз тўкин бўлсин.

Байрам сайлига туманимиздаги барча маҳаллалар, мактаб ва мактабгачатаълим бўлимлари, корхона ва ташкилотларнинг астойдил тайёргарлиги байрам сайли қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Туманимиз маданият ходимлари ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган санъаткорларнинг чиқишлари халқимиз кайфиятини янада кўтарди.
Ғ.ЎРОЛОВ.