Боқиб олам кўркидан,
Яшнар бу кун юз-кўзим.
Хуш келибсан! Ассалом,
Гўзал, барно Наврўзим!
Юртимизнинг барча гўшалари каби “Эсонтурди” маҳалласи қишлоқларида ҳам баҳор байрами Наврўзи олам кенг нишонланди. Сўлим баҳорнинг беғубор тонгида янграган карнай-сурнай наволари остида қўни-қўшнилар бир-бирларини яшариш, янгиланиш байрами Наврўз билан чин дилдан муборакбод этишди. Кўзни қувонтирадиган равон қишлоқ кўчаларида сайр қилиб юрган кекса-ю-ёшлар, хотин-қизлар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар лабларида баҳорий табассум билан маҳалла марказидаги 40-умумтаълим мактаби боғига йиғилишди.
Боғ озод ва обод Ватанимизни, Наврўзни улуғловчи шиорлар, байрам дастурхони эсабаҳорнинг тансиқ таомлари - сумалак, кўк сомса, чучвара, манти, барак, палов ва бошқа миллий таомлар билан безатилган.
Қуръон тиловат қилингандан сўнг маҳалла оқсоқолларидан бири, меҳнат фахрийси, “Эсонтурди” МФЙ раисининг нуронийлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Бектемир Эргашев тадбир иштирокчиларини баҳор байрами Наврўз билан қизғин табриклади.
Қишлоқ ҳаваскорлари ижросида шўх куй-қўшиқлар, она Ватанни, баҳорни, Наврўзни мадҳ этувчи лапарлар, яллалар янгради. Баҳорий кайфият билан ҳамма рақсга тушди. Ёш спортчилар футбол, волейбол, миллий кураш, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича ўзаро мусобақалашдилар. Мусобақалар эса аввало миллий қадриятларимизни эслатувчичиллак ўйини ва варрак учириш билан бошланди. Миллий кураш мусобоқасини 80 ёшни қоралаётган Наби бобо Жайнаров ва Мардон бобо Қаюмовлар бошлаб беришди.
- Маҳалламиз ҳудудидаги “Зарафшон”, “Бешбола”, “Гулистон”, “Янгибеш”, “Эсонтурди”, “Ўтаб”, “Янгиобод” каби қишлоқларидаги 646 хонадонда 3861 нафар аҳоли яшайди, - дейди “Эсонтурди” МФЙ котиби Баҳриддин Мелибоев. - Байрам арафасида ҳудудимизда катта ободончилик ишлари олиб борилди. Мавжуд 7 та қишлоқ кўчалари равонлаштирилиб, ариқлар тозаланди. Мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Ҳар бир ҳовли атрофлари турли хил чиқиндилардан тозаланди. Шу боис қишлоқларимиз кўркига-кўрк қўшилди. Обод жойга байрам ярашади, деб бежиз айтилмаган экан.
- Байрам арафасида кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга Наврўз совға-саломларини топширдик, - дейди маҳалла жонкуярларидан бири Абдумажид Норбоев. - Юз ёш билан юзлашиб, 101-баҳорини қарши олаётган табаррук онахонларимиздан Улмон момо Қаршиева байрамона ташрифимиздан хурсанд бўлиб, дуога қўл очди:
- Бундай ажойиб замонимизга кўз тегмасин. Бахтимизга Юртбошимиз, раҳбарларимиз, маҳалламиз фаоллари омон бўлишсин.

- Биз ёшларга бўлган бу эътибордан бошимиз осмонга етди, - дейди 40-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Комила Усанова. - Келгусида ўзим танлаган касбим бўйича етук мутахассис бўлиб, мустақил юртимиз, фаровон элимизнинг асил фарзанди сифатида сидқидилдан меҳнат қилиш ниятидаман.
Байрам тантаналарига уйғун ҳолда ёшлар ўртасида футбол, волейбол, шахмат бўйича мусобақалар ҳам ўтказилди. Мусобақа ғолиблари ҳам пул мукофотлари ва эсталик совғалари билан тақдирланишди.
Кўнгилларга олам-жаҳон қувонч бағишлаган Наврўз байрами кечгача давом этиб, хонадонларда давом эттирилди.
Наврўзойдан барча шод,
Куй-қўшиқлар куйлашди.
Қилиб байрам, тантана,
Давра олиб қувнашди.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг жамоатчи мухбири.
.
Суратда : 1. Кекса отахон Наби бобо Жайнаров барчани Наврўз билан қутлаяпти. 2. 101 ёшли онахон Улмон момо Қаршиевага маҳалла фаоллари байрам совғаси топширишаяпти.