Замин узра кезаётган уйғониш ва шодлик нафаси Соҳибкор маҳалласига ҳам ташриф буюрди. Дов-дарахтлар, ўт-ўланларда, жамики жонзотларда баҳорий жонланиш... Ўзи яшаётган ҳудудни, ҳовли-жойни тартибга келтириб, ободонлаштираётган, ризқ-рўз яратиш ишқида даласида жавлон ураётган юртдошлар кайфиятида ҳам кўтаринкилик... Хуллас, Наврўз қувончлари ҳамманинг чеҳрасида, ғайратида акс этиб турибди. Бундай қувончли онларни байрамона руҳда нишонлаш эса халқимизнинг азалий қадриятларидан.

Маҳалла раиси Ҳикматилла Казаков ҳаммани Наврўз айёми билан қутлаб, даврани очди. Шундан сўнг маҳалла оқсоқоллари ҳам барчани байрам билан табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этишиб, дуога қўл очишди. Даврага ўзгача файз бериб турган келинларнинг саломларида Наврўз нафаси уфуриб турди.
Маҳалла ҳудудидаги 11-12-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, 61, 71 ва 5-умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан ижро этилган халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, Соҳибкор маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, қатнашчилар томонидан ижро этилган дилбар рақслар даврага байрамона руҳ бахш этди.

Арқон тортиш, тош кўтариш, футбол ўйинларида кучлилар ва чаққонлар ғолиб бўлишди. Хуллас, ҳар бир байрам иштирокчисининг қалбидан Наврўз қувончлари мустаҳкам жой олди. Бундай кўтаринки байрам кайфияти эса яна анча вақт юртдошларимизга, жумладан Соҳибкор маҳалласи аҳлига ҳамроҳлик қилиши шубҳасиз.
* * *
Бўдана МФЙ ҳудудидан ўтган Булунғур ариғининг ёнидаги Ўртабўз қишлоғининг яшилликка бурканган адирлигида Наврўз сайли бўлиб ўтди. “Наврўз – энг қадимий, энг севимли байрам” деб номланган байрам сайлида маҳалла ҳудудидаги барча қишлоқлар аҳолиси, ёшлар, нуроний отахон ва онахонлар, болажонлар ва маданият ходимлари иштирок этишди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган байрам сайлида иштирок этган туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Баҳром Жуманазаров ва “Ғиштли ота” масжиди имом-хатиби Холмамат ҳожи Турабов, ноиби Одил ҳожи Шариповлар сўз олиб, байрам тадбири иштирокчиларини Наврўз айёми билан чин дилдан қутлашди.
Айниқса, 2-сон маданият маркази ҳамда “Чавқи” фолкьлор-этнографик жамоасининг хонанда ва ёш раққосалари ижросидаги шўх куй ва қўшиқлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, байрам сайлида “Келин салом”, “Хўроз уриштириш”, “Арқон тортиш”лар ҳам намойиш этилди.
Байрам сўнгида Бўдана МФЙ раиси Сора Жўраева маҳалладаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган, намунали оилалардан деб ҳисобланган Жамила Умаровага “Бахтиёр оила” номли китоби ҳамда11-мактабгача таълим ташкилоти жамоасига “Амир Темур ҳақида ноёб ҳақиқатлар” номли китоблар тўпламини топширди.