Эзгу қадриятларимиз қарор топаётган юртимизда шу кунларда байрам руҳи ҳукмрон. Баҳор, яратиш, яшнатиш, бунёдкорлик байрами саналмиш Наврўз ташрифи барчага хуш кайфият, куч-қувват бахш этиб, озод Ватанни янада обод этиш, гуллатиб-яшнатишга чорламоқда. Инсонлар ўртасида эса меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлаб, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни қарор топтирмоқда.

Наврўз Булунғур заминида ҳар доим ўзгача кўтаринкилик билан нишонланади. Ҳар галгидек бу йил ҳам Наврўз тантаналарига қизғин ҳозирлик кўрилди. Шаҳар-қишлоқларимизнинг барча кўча ва хонадонларида, меҳнат жамоалари, ўқув масканларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, умумхалқ ҳашарлари ўтказилди, боғ-роғлар тартибга келтирилди. Жойларда кексалар, беморлар ва ўзгалар ёрдамига муҳтожлар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-оқибат кўрсатилди.
Бу йил байрам тантаналари “Диёр” ўйингоҳига кўчиб, эрта тонгдан булунғурликлар ва меҳмонлар билан гавжумлаша бошлади. Мустақиллик ва Наврўзни улуғловчи шиорлар билан безатилган бу масканга ташриф буюрганлар қалбида шукроналик, тинч ва фаровон ҳаётдан мамнунлик туйғулари жой олиб, чеҳраларида қувонч барқ уриб турарди. Байрам халқ сайли тарзида ташкил этилганлиги эса унга янги маъно-мазмун бахш этди.


Туман ҳокими Б. Баҳрамов фаоллар ҳамроҳлигида ўйингоҳ ҳудудида маҳаллалар, коллежлар, мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари, бошқа меҳнат жамоалари томонидан тайёрланган баҳорий ноз-неъматлар кўргазмасини, Наврўзни ва унинг улуғворликларини ўзида мужассам этганган қадриятларни кўздан кечиришди, ёш полвонлар ва спортчилар томонидан намойиш этилган усулларни, халқона оҳангларни ўзида мужассам этган куй-қўшиқларни томоша қилишди, миллий руҳдаги бундай куй-қўшиқлардан завқ олишиб, сайил иштирокчиларининг байрам шодликларига шерик бўлишди.
- Халқимизнинг азалий ва севимли байрами бўлган Наврўзнинг ташрифидан қувончга тўлиб, шарқона янги йил тантаналарини бошлаб юбордик, - деди туман ҳокими Б. Баҳрамов халқ сайли қатнашчиларини қутлар экан. - Бу байрам руҳи барчамизга кўтаринки кайфият улашиб, меҳнатда янги зафарларга бошлаши шубҳасиз. Шунингдек, миллий қадриятларимизни ўзида намоён этган бу байрам туфайли юртдошларимиз Ватан ободлиги, юрт равнақи, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш каби эзгу ишларга янада қатъийроқ киришмоқдалар.
Ўйингоҳда туманимиз ёш спортчилари томонидан тайёрланган томошалар, “Чавқи” фольклор-этнографик халқ дастаси, туман Марказий маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари, турли таълим муассасалари ёш ижрочилари томонидан ижро этилган, юртни, баҳорни, Наврўзни, фидкорона меҳнатни, тинч ва фаровон ҳаётни улуғловчи куй-қўшиқлар, рақслар, шунингдек ўйингоҳ осмонида қанот қоқаётган варраклар, тинчлик элчиси бўлган кабутарлар байрам тантаналарига ташриф буюришган сайил иштирокчиларига завқ улашиб, кўтаринки кайфият бахш этди.
Байрам тадбирида март ойининг бошида Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида юнон-рум кураши бґйича Осиё чемпионатида кумуш медал соҳиби бґлган Мўмин Абдуллаевни туман ҳокими Б.Баҳромов табриклаб Булунғур шарафини муваффаіиятли ҳимоя қилгани учун миннатдорчилик билдириб, келгуси мусобақаларда ҳам юксак омадлар тилади. Шунингдек,бир гуруҳ кам таъминланган ва ўзгалар ёрдамига муҳтож юртдошларимизга байрам совғалари тортиқ қилинди.

Байрам тантаналари туманимиздаги барча маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида қизғин давом этаётир.
Пўлат ҒАФФОРОВ.