Бугун бутун борлиқ – она табиатда уйғониш, яшариш, кўркамлик. Бу юртимиз жамолида, унинг меҳнаткаш ва дилкаш инсонлари қалбида, чеҳрасида, амалга ошираётган барча бунёдкорона ишларида ҳам ёрқин намоён. Табиати жаннатмонанд диёримизда борлиқ яшилликка, дов-дарахтлар қийғос гулга бурканаётган бўлса, қўлига кетмон олиб томорқасини обод қилиб, даласини яшнатаётган деҳқонларимиз Ватанимизни гул ва гўзалликка, тўкин-сочинликка буркаш, мўл ҳосил яратиш ишқида астойдил тер тўкишга киришишган. Шаҳар-қишлоқларимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, қад ростлаётган бинолар Ватан равнақи, халқ фаровонлигига хизмат қилаяпти. Яратиш, яшнатиш, бунёдкорлик ишлари эса ҳар қанча байрам-тантана қилишга арзийди. Наврўз – ана шундай эзгу ишларни бор бўй-басти билан намоён қиладиган, асрлар давомида ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни, бунёдкорона сай-ҳаракатларимизни, меҳр-оқибатимизникўз-кўз этадиган қутлуғ шодиёнадир.
Бу йил ҳам Наврўзга пухта тайёргарлик кўрилганлиги шод-хуррамлик билан тантана қилинаётган шу кунларда яққол кўзга ташланмоқда. Шаҳар-қишлоқларимизда ўтказилган умумхалқ ҳашари давомида ҳовли-кўчалар тартибга келтирилиб, чиқиндилардан тозаланди, дарахтларга шакл берилиб оқланди, ерлар экишга тайёрланиб, эртаги экинлар уруғи қадалди, мевали ва манзарали дарахтлар ниҳоллари экилди. Амалга ошираётган барча ишларимиз замирида эса жаннатмонанд диёримизни яшнатиш, турмушимизни гўзал ва фаровон этиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни кучайтиришдек эзгу мақсадлар мужассам.
Туманимиз аҳли Наврўз тантаналарини нишонлаш учун “Олимпия” ўйингоҳига ташриф буюришди. Мукаммал таъмирланиб, атрофида янги спорт иншоотлари қад ростлаган ўйингоҳдаги йўлаклар турли безаклар билан безатилиб, миллий таомлар жой олган кўргазмалар ташкил этилди. Туман раҳбарлари ва фаоллари ана шу кўргазмаларни кўздан кечиришиб, иштирокчиларига олқишларини билдиришди.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Шакарбоев туман ҳокими Баҳодир Баҳрамовнинг туман аҳлига байрам қутловини ўқиб эшиттирди.
- Наврўз айёми – барчамиз учун шарқона янги йил дебочаси, серҳосиллик ва қут-барака ғоясини ўзида мужассам этадиган, бизни миллий табиатимиз ва қадриятларимиздан ажратиб бўлмайдиган энг қадимий ва энг севимли байрамимиздир, - деди Дилдош Шакарбоев. – Наврўз том маънода ўзининг руҳи ва ғоялари билан инсоннинг доимо она ер ва табиат билан ҳамнафас бўлиб яшаши, ҳар қайси одамнинг қалбида, унинг дини ва миллатидан қатъий назар, яшамоқ ва яратмоқ интилишларини уйғотиш, аҳиллик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилиб келмоқда.
Туман ҳокимининг ўринбосари Д. Шакарбоев туманда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, Наврўз кунлари бемор, ногирон, кекса кишилар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалардан хабар олиниб, ҳол сўралганлиги, уларга байрам совғалари тақдим этилганлигини таъкидлаб ўтди.
Байрамга хос тароналар янграб, дилбар рақслар ижро этилаётган ўйингоҳга пойтахтимиз Тошкентдан ташриф буюрган таниқли хонандалар – Дилдора Ниёзова ҳамда Отабек Муталхўжаевлар кириб келишди. Улар томонидан ижро этилган ёшлик, гўзал ҳаёт, муқаддас Ватанни улуғловчи қўшиқлар барчага байрамона хуш кайфият улашиб, даврага чорлади.

Шу кунларда байрам тантаналари туманимизнинг барча меҳнат жамоаларида, маҳаллалари ва қишлоқларида кенг нишонланаяпти.
Пўлат ҒАФФОРОВ.