Туманимизнинг ҳамма жойларида бўлгани каби Каптархона маҳалласи аҳолиси ҳам бир тан бир жон бўлиб маҳалла ҳудудини “Яшил макон”га айлантиришга қизғин киришди. Қирқаҳмад, Каптархона, Чамбилтепа қишлоқларидаги мавжуд 11 та кўчада яшовчи 5248 нафар аҳоли яшайдиган масканларга, ҳовлиларга, кўчаларнинг четларидаги ариқ бўйларига бугунгача 6 минг 500 тубдан ортиқроқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишди...

- Туман ҳокими Самандар Астоновнинг “Булунғур ҳаёти” газетасининг 2022 йил 19 февраль сонида босилиб чиққан “САВОБ ИШНИ ҲАВАС БИЛАН ҚИЛАЙЛИК” сарлавҳали Мурожаатини маҳалла фаоллари билан биргаликда қунт билан ўқиб-ўрганиб чиқдик, - дейди Каптархона маҳалласи раиси Қаҳрамон Ғаффоров. - Шу асосида туман ҳокими ёрдамчиси Зафар Худойбердиев, Ёшлар етакчиси Адҳам Абдуллаев, маҳалла хотин-қизлари иши бўйича раис ўринбосари Гулбаҳор Ражабова ҳамда Абдусалом Ғаффоров, Султон ҳожи Бердимуродов, Омон Ўролов каби маҳалла фаоллари бошчилигида ва ҳамкорлигида олиб борилган тушунтириш ишларимиз ўз самарасини бермоқда. Маҳалла фуқароларининг бир ёқадан бош чиқариб кўчат экиш ишига киришиб кетишлари сабабли маҳалламиз ҳудуди ва мавжуд томарқалар яшил майдонга айланмоқда.
- Маҳалла аҳолиси асосан картошкачилик, тухум ва гўшт йўналишидаги паррандачилик билан шуғулланишади, - дейди маҳалланинг туман ҳокими ёрдамчиси Зафар Худойбердиев. - Маҳалла ҳудудида яшовчи 126 нафар ишбилармон тадбиркорлар ташаббуси ва ғайрати билан 12 та савдо, 6 та маиший хизмат дўконлари, шунингдек 2 та ўрта таълим мактаби, 3 та хусусий МТМлари аҳоли фаровонлиги йўлида беминнат хизмат қилмоқда.
Ватан ичра ватан бўлган маҳаллани обод қилишда ёш тадбиркорлардан бири Шерали Баратов ташаббуси ва ҳомийлигида 2,5 километр узунликдаги қишлоқ кўчаларига ёритиш электр чироқлари ўрнатилди. Ёзда тизза бўйи тупроқ, қишда лой қишлоқ кўчаларига шағал тош тўкилиб, равонлаштирилди. Тадбиркор Қўчқор Шарипов ўз ҳисобидан 40 та хонадонга мўлжалланган электр трансформатори ўрнатиб, қишлоқ аҳолисининг олқишига сазавор бўлди.

Автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи уста Бахтиёр Ҳақбердиев 10 йилдан буён ўз шогирдлари Ўрол, Охун, Шаҳриёрлар билан биргаликда аҳоли транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатишмоқда.
Томорқа эгаси Саломат Гулмуродова бир сотихли иссиқхонасида турли хил кўкатлар етиштирмоқда.
– Шу иссиқхона туфайли оила аъзоларимиз доимий иш билан банд, - дейди Саломат опа. -Дастурхонимиз тўкин. Бировдан кам жойимиз йўқ.

Маҳалла жонкуярларидан Санжар Аҳмедов, Алимардон Худойназаровлар 35 метр чуқурлиқдаги қудуқдан сув чиқариб, қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашди.

Товуқбоқар тадбиркор Ғайрат Ўрозалиев 300 бошга яқин товуқ боқиб, маҳалла аҳолисини витаминга бой табиий тухум билан таъминламоқда. Бундан ташқари тадбиркор Ғайрат Ўрозалиев ўз ҳовлисига ва ҳовли атрофига 100 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиб, маҳалла “Яшил майдони”га муносиб ҳисса қўшмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.