Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳаракати доирасида туманимизда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

2021 йил кузи ва 2022 баҳорида жами 1 миллион 109 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда буталари экиш режалаштирилган эди. Ўтган йил куз фаслида 416 минг дона, жорий йил баҳорида 693 минг дона турли хил мевали, манзарали дарахт ва бутасимон гул кўчатлари экилди. Кўчат экиш даврида корхоналар, ташкилотлар, маҳаллаларнинг ишчи хизматчилари ва фаоллари иштирок этишди.

Бир хил турдаги кўчатлар экилиши натижасида “Мингчинор” маҳалласида “Гилосзор”, “Кичик кильдон”маҳалласида “Тутзор”, “Олмазор” маҳалласида “Олмазор” кўчаси, “Самарқанд” маҳалласи ҳудудида “Узумзор” кўчалари ташкил этилди. Шунингдек, туманимиз миқёсида маҳаллий иқлим шароитига мос келувчи жийда, тут, ёнғоқ, узум каби мевали, каштан, лола, эман, япон сафораси, шумтол, қайроғоч, павлония, терак, акация, чинор, қрим қарағайи, арча каби манзарали дарахт ҳамда бутасимон кўчатлар экилди.

Мингчинор маҳалласи ҳудудида фойдаланилмасдан турган 1.35 га ер майдони ажратилиб, туман ободонлаштириш бошқармаси томониданкўчатчилик маркази ташкил этилди. Бу ерда атиргул, узум, гилос, арча, анжир, терак қаламчаларининг турли навларидан жами 49 минг 300 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари қаламчалари экилди. Мазкур қаламчалардан келгусида туманимизни “яшил ҳудуд””га айлантириш мақсадида фойдаланилади. Керак бўлса кўчатлар аҳолига бепул тарқатилади.
“Олмазор” маҳалласи ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши белгиланган бўлиб, ҳудудда аҳоли истиқомат қилиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 2 гектар очиқ ер майдони ажратилган бўлиб бу ерга 1 минг 250 туп мевали ва манзаралидарахт ҳамда бутасимон кўчатлари экилди.
Булунғур маҳалласи ҳудудида жойлашган туман марказий Истироҳат боғи реконструкция қилиниб, бутунлай янгича қиёфа кашф этмоқда. Мазкур боғ ҳудудини ҳам келгусида сўлим масканлардан бирига айлантириш мақсадида 3 минг туп турли хил манзарали дарахт ва бутасимон кўчатлар экилди.
Туманимизни “Яшил макон”га айлантириш мақсадида маҳаллаларда, қишлоқларда, янги турар жой бинолари атрофларида, массивларда экилган дарахтлар гуркираб ўсмоқда. “Самарқанд” базмгоҳи ҳудудида ташкил этилган шинам боғ кўзни қувонтиради. Ички туризмни ривожлантириш мақсадида яратилган бу боғда туристлар учун ҳамма қулай шароитлар яратилган.
– Туманимизни”Яшил макон”га айлантириш мақсадида олиб борилаётган оламшумул ишларкўлами кўзни қувонтиради,- дейди туман экология бўлими бошлиғи Сардорбек Абдуллаев.- Туманимиз марказидан кесиб ўтган Тошкент-Самарқанд катта автомагистрал йўлининг ҳар икки чеккасига экилган дарахтлар туманимиз ҳуснига-ҳусн қўшмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз атрофимиздаги табиий муҳитдан оқилона фойдаланиш ва табиатни муҳофаза қилишдан иборат. Ҳар бир ташкилот томонидан экилган дарахтлар парваришига ташкилот ходимлари шахсан масъул ҳисобланади. Қаровсиз, сувсиз қуриб қолган ва рухсатсиз ўзбошимчалик билан кесилган дарахтлар ходимларимиз томонидан назорат қилинади. Ҳар бир маҳаллада жамоатчиларимиз бор. Уларга гувоҳнома берилан. Жамоатчиларимиз давлат инпектори Абдуалим Шукуров, бош мутахассислар Нарзулла Ачилов, Жаҳонгир Мустафаев каби ходимларимиз билан ҳамкорликда иш олиб боришади.

Жорий йилда ноқонуний кесилган дарахт ва етказилган зарар (қуриб қолган дарахт )ҳолатлари бўйича 14 та маъмурий иш кўрилиб 14.220.000 минг сўм жарима ундирилди. Туманимизни обод масканга айлантириш мақсадида туман ҳокимининг қарори билан қурилиш чиқиндилари учун алоҳида жой ажратилди. Авваллари дуч келган жойга ташланадиган чиқиндилар бир жойга тўкиладиган бўлди. Булунғуримизни “Яшил макон”га айлантиришда экология бўлимининг ходимлари билан бирга кенг жамоатчилик жалб этилган ҳолда аниқ режали ишлар амалга ошмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.