Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Мурожаатида “Жамиятимиз кўзгуси”, дея таърифланадиган матбуот ходимлари эл-юртга наф келтирадиган жамоат ишларида ҳамиша пешқадамлар сафида бўлиб келишган. Мамлакатимизда дарахтлар кесилишига мораторий жорий қилиниши учун ҳам сиз азиз журналист-ҳамкасбларимиз жонбозлик кўрсатдингиз. Зеро, бугун экилган ниҳол эртага катта дарахтга айланишини, унинг сояси-ю мевасидан катта-ю кичик бирдек баҳраманд бўлишини унутмайлик! дейилган...

Ушбу Мурожаатдан руҳланган “Булунғур ҳаёти” газетасининг ижодий ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширилишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. “Долзарб 40 кунлик” акцияси доирасида ўтказилган кўчат экиш тадбирида фаол иштирок этиб, таҳририятнинг янги биноси атрофини “яшил макон”га айлантиришга бел боғладилар.
- Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди, - дейди “Булунғур ҳаёти” газетасининг муҳаррири Ғуломжон Ўролов. - Аҳил жамоамиз ўндан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экдилар. Журналистлар эккан бу дарахтлар келгусида албатта, туман маркази чиройига чирой қўшади деган умиддамиз.
Раббим ҲОТАМОВ.