Ҳамма жойда бўлганидек “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам катта ободончилик ишлари олиб борилмоқда. - Кун сайин обод масканга айланиб бораётган маҳалламиз ҳудудидаги 12 та кўчада 3200 нафар ааҳоли яшайди, - дейди “Дўстлик ”МФЙ раиси Фозилжон Абдужалилов. - Бир-бирига меҳр оқибатли бўлган фуқароларимиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳашар йўли билан маҳалла ободончилигига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Бу борада ўз номига муносиб бўлган “Чиннигул” кўчасида яшовчи фуқароларнинг амалга оширган ишлари кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.
- Кўчамиз фахри бўлган 85 ёшли Обид бобо Рауповлар оиласидан жуда кўп яхши нарсаларни ўргандик, - дейди шу кўчада яшовчи, маҳаллада “Энг намунали хонадон” номини олган уй соҳибаси Шоира Ибрагимова. - Рауф бобо ўз уйида турли хил анвойи гуллар етиштириб, кўчамиздаги ҳамма хонадонларга гул кўчатлари етказиб ерган. Худди шунингдек, ҳар ким ўз уйи одидан ўтган йўлакларга мевали дарахлар ўтқазишга ҳам бошчилик қилган. Айни кунларда гуллаган бу дарахтлар кўчамиз ҳуснига-ҳусн қўшмоқда. “Чиннигул” кўчасида яшовчилар маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари маслаҳати билан узунлиги 500 метр бўлган бу кўчани янада обод қилиш мақсадида 100 туп арча кўчати экишди.
- Арча дарахтларининг ажойиб хусусияти бор экан, - дейди “Дўстлик” МФЙ раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари Боймурод Ниёзов. - Биринчидан кўчанинг чиройига-чирой қўшади, иккинчидан ўзидан ёқимли ҳид таратиб шу ҳудуднинг ҳавосини мўътадиллаштирар экан.
”Чиннигул” кўчасини ободонлатиришга Яхшилик Мелибоев, Эркин Халилов каби жонкуярлар муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: “Чиннигул” кўчасидаги ободонлаштириш ишлари қизғин.