Яқинда туманимиздаги “Каптархона” маҳалла фуқаролар йиғини биносида сайёр учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда туманимиздаги “Каптархона”, “Навоий”, “Мирзаариқ” маҳаллаларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг раиси Жамшид Файзуллаев, Булунғур туман ҳокими ўринбосари оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Насиба Мамадиярова ва туман адлия бўлими вакиллари иштирок этишди.

Сайёр учрашувда кун тартибидаги масалалар бўйича фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг раиси Жамшид Файзуллаев сўзга чиқиб, “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларга маҳаллабай сайёр қабуллар орқали ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида сўз юритди.

Шунингдек, суд раиси фуқаролар томонидан қонуний никоҳ, шаърий никоҳ, алимент пулларини ундириш тартиби, ажримлар тўғрисида, ноқонуний уй-жойлар қурилиши, мерос масалалари бўйича берилган саволларга тегишлича жавоблар қайтарди.
