Бугунги кунда нафақат ватандош, шунингдек, тумандош хотин-қизларимиз орасида ҳам турли касбларни эгаллаётган аёлларни учратишимиз мумкин. Айниқса, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришаётган аёлларимиз жуда кўп. Ҳусусан, ҳамшира бўлиб ишлаётганлар сони йилдан-йилга ортмоқда. Буни туман Марказий шифохонасидаги кўп йиллик иш тажрибам давомида кузатиб бормоқдаман.
Мен болалигимдан шифокорликка, тиббиёт бўлимларида фаолият кўрсатаёганоқ халатли аёлларга ҳавасда ўсдим. Шунингучунми, кичиклигимдан “катта бўлсанг ким бўласан?” деган саволларга “доктор бўламан!” дердим. Бу орзуим улғайганим сайин қатъий мақсадга айланиб борди. Мактаб таълимини тамомлаганимдан сўнг тиббиёт техникумида таҳсилни давом эттирдим. Илк иш фаолиятимни Марказий шифохонамиздаги оғир касалларни даволаш бўлимида ҳамшира бўлиб ишлашдан бошлаганман. Мана, ҳамшира сифатида беморларга хизмат кўрсата бошлаганимга 31 йил бўлди. Ҳозирда туман Тиббиёт бирлашмасида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир марказида ҳамширалик вазифасида фаолият олиб бораяпман. Беморларга нафим тегаётганидан, касбимдан фахрланаман. Шу йиллар давомида турли характерли беморларга дуч келдим. Аммо, уларнинг ҳар бирлари билан касбимизга хос тарзда ҳушмуомила бўлишга ҳаракат қилиб келмоқдаман.
Айни кунларда юртимиз бўйлаб байрам кайфияти ҳукм сурмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан бўлимимизда фаолият кўрсатаётган барча ҳамкасабаларимни, улар орқали туманимизда фаолият кўрсатаётган барча тиббиёт ходималарини муборокбод этаман.
Лола АСТАНОВА,
туманлараро “Қўшма шикастланишлар ва ўткир
қон-томир маркази” ҳамшираси.