Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган энг яхши ҳамширалар иштирокида “Ҳамшира – 2018” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Танловда ТТБга қарашли 1-сонли оилавий поликлиникадан Муҳаббат Эргашева, болалар бўлими ҳамшираси Марҳабо Раҳмонова, кўз касалликлари бўлимидан Умида Ўроқбоева, терапия бўлимидан Дилафрўз Мардонова, 2-сонли оилавий поликлиникадан Нилуфар Ўринбоева ҳамда тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Шаҳноза Лапасова ғолиблик учун ўзаро беллашди.
Иштирокчилар бешта шарт – ўзи ишлаётган бўлим, меҳнат жамоаси фаолияти хусусида сўзлаш ва ҳамширалик кўкрак белгисини таърифлаб бериш ҳамда слайдлар намойиши, ижтимоий-сиёсий, тиббий-назарий ва амалий билимлар ҳамда бадиий кўрик шартларида ўзларининг билим ва маҳоратларини намойиш қилишди.
Ҳамширалар ўзига бириктирилган бўлимга келувчи беморларга хизмат кўрсатиш жараёнини комедия тарзидаги саҳна кўринишлари орқали кўрсатиб беришди. Шунингдек, тиббий билимларидан ташқари, эркин мавзу – бадиий ва актёрлик маҳоратини моҳирона намойиш эта олдилар.
Барча шартларни аъло даражада бажарган Нилуфар Ўринбоева биринчи, Шаҳноза Лапасова ҳамда Дилафрўз Мардонова 2 ва 3-ўринларни эгаллашди. Энди биринчи ўринни қўлга киритган 2-сонли оилавий поликлиника ҳамшираси Н.Ўринбоева танловнинг вилоят босқичида иштирок этади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.