Дастурхонлар кўрки бўлмиш помидор ўсимлигининг ашаддий кушандаси Помидор куяси бўлиб, экинларнинг меваси ва баргига жиддий зарар етказади. Илк бор Жанубий Америка экин майдонларида кузатилган помидор куялари бугун Европа, Осиё ва МДҲ давлатларида ҳам учрайди.
Агрономларнинг кузатувларига кўра бундай куялар капалаги 10 мм, ипсимон мўйловларга эга бўлиб, олд қанотларида қора доғлари бор. Тухуми цилиндирсимон, сариқ ёки оқ-сариқ тусда, узунлиги 0,36 мм, эни 0,22 мм бўлади. Личинкасининг боши қорамтир, ёруғ жойда ўз тусини ўзгартириш ҳусусиятига эга. Деҳқонларимизнинг мўл ҳосил олишларига тўсқинлик қилувчи помидор куяси ҳам очиқ, ҳам ёпиқ турдаги экинзорларда учрайди. Маълумотларга қараганда, бундай турдаги ҳашарот личинкалари юқори репродуктив самарадорликка эга. Озуқа топмагунча тинчланмайди.
Помидор майдонларини ҳимоя қилиш учун энг аввало экинзорнинг кириш жойларида дезинфексия ишларини ташкил этишимиз лозим. Бундан ташқари, помидор куясини бартараф этишда феромон ва ёпишқоқ тутқичлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Вегетация даври тугагандан сўнг тавсия этилган инсектитсидлар билан ишлов бериш керак.
Помидор куясига очиқ ерларда агротехник ва кимёвий кураш чоралари:
- Бегона ўтларни йўқ қилиш;
- Зараркунанда кўп аниқланганда тавсия этилган кимёвий препаратлар билан
ишлов бериш. Булар:
– 15 фоизлик Аваунт –10 литр сувга 10гр;
– 20 фоизлик Такуми сувда эрувчи грануласи – 10 литр сувга 3гр:
– 20 фоизлик Виоспилан кукуни – 10 литр сувга 3гр. қўшилади.Ана шу уч хил препаратлардан бири экинга кеч тушгач, фонус ёқиб сепилса, яхши самара беради. Мазкур эритмаларни деҳқонларимиз экин майдонлари тупроғига ҳам сепишни унутмасликлари лозим.
Помидор куясига қарши агротехник ва кимёвий кураш тадбирларини ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказиш орқали сабзавот экилаган майдонлардан мўл ҳосил олишга эришилади. Шундай экан, помидор куясига қарши курашда деҳқон ва фермерлар эътиборли бўлишлари талаб этилади.
Асқар ЭРГАШЕВ,
Шерали АРЗИҚУЛОВ,
Туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими инспекторлари.