ПОМИДОР КУЯСИ
Сабзавотлар – инсоният энг кўп истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари туркумига киради. Ҳақиқатдан ҳам, помидор, бодринг, турли кўкатлар бир томондан инсон саломатлиги учун фойдали бўлса, иккинчи томондан дастурхонимиз кўрки саналади.
Сўнгги пайтларда мамлакатимизнинг барча помидор маҳсулоти етиштириладиган ҳудудларда помидорнинг асосий зараркунандаси бўлмиш помидор куяси тарқалмоқда. Шу боис, вилоятимиздаги барча улгуржи ва деҳқон бозорларида “Самвилдавкарантин” инспекцияси ва унинг туман давлат инспекторлари томонидан карантин назорати ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Помидор куяси – Tuta absoluta помидор ўсимлигининг ашаддий кушандаси бўлиб, экинларнинг меваси ва баргига жиддий таъсир етказади. Помидор куясининг ватани Жанубий Африка ҳисобланиб, Европа, Осиё ва МДҲ давлатларида ҳам учрайди. Капалаги 10 миллиметр катталикда бўлиб, ипсимон мўйловларга эга. Олд қанотларида қора доғлари бор. Тухуми цилиндрсимон сариқ ёки оқ-сариқ бўлиб, узунлиги 0,36, эни 0,22 миллиметр. Личинкасининг боши қорамтир бўлиб, ёруғ жойда яшил рангга айланади. 2 ва 4 ёшдаги личинкалари пушти рангда. Помидор куяси помидор ўсимлигининг очиқ ва ёпиқ турдаги экинзорларида учрайди. Юқори репродуктив самарадорликка эга ҳашорат бўлганлигидан личинкаси озуқа топмагунча тинчланмайди. Личинкаси умри давомида 4 та ёшни ўтайди. Ҳаво ҳарорати ва ташқи муҳит таъсирига кириб, ҳашаротнинг яшаш даври 29-38 кунни ташкил этади. Помидор куяси зарарлаган меваларни патоген микроорганизмлар чиритади. Барг тўқимасини зарарлайди. Помидор ўсимлигини турли босқичларда хусусан, кўчат босқичидан ҳосил етилиш пайтигача зарарлайди. Одатда зараркунандани осон аниқлаш мумкин. Чунки, у ўсимлик гули ва меваларида ривожланади.
Хуллас, витиаминларга бой ва фойдали озиқ-овқат маҳсулоти бўлган сабзавотларни халқимиз дастурхонига сифатли ва мазали қилиб етказиб бериш учун помидор куяси зараркунандасини бартараф қилиш чораларини ўз вақтида амалга ошириш лозим. Бунинг учун Самарқанд вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ҳамда туманлардаги ўсимликлар клиникаларига мурожаат этиш тавсия қилинади.
Даврон УСМОНОВ,
туман Ўсимликлар карантини инспекцияси агроном инспектори.
Фазлидин ИСМОИЛОВ,
туман ўсимликлар карантини инспекциясиинспектори.