Цитрус инли куяси – олигофак ҳашарот бўлиб, цитрус ўсимликларига катта зарар келтиради. У лимон ўсимлигининг хавфли кушандаси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда у мандарин ва грейпфрут ўсимлигида ҳам ривожланиши аниқланган. Цитрус инли куяси Осиё, Австралия, Африка, Америка давлатларида тарқалган. Ўзбекистонда Тошкент вилоятида аниқланган.
Цитрус инли куяси капалагининг қанотлари ёзилганда 4-5 миллиметр узунликда бўлиб, қанотлари кулранг, ингичка, ўткир учли. Унинг ривожланишида об-ҳавонинг аҳамияти катта. Цитрус инли куясини июнь-июль ойларида лимонзорларда кўплаб учратиш мумкин. Улар лимон баргларининг остки томонига жойлашиб, кеч кузга қадар зарар келтиради. Урғочилари тухумини куртакка ёки ўсимликларнинг ўсиш нуқтасига, баргларнинг тепа қисмига 200 тагача қўяди. Личинкалар барг ичига кириб олиб, 10-20 кун давомида ривожланади.Улар ёш барглар орасида илон изи каби уялар ҳосил қилиб, барг паренхимаси билан озиқланиши натижасида барг буришади ва қурийди. Улар қаршиликка учраши билан бошқа баргга ўтади. Ушбу зараркунандалар тарқалган ҳудудлардан кўчатлар ва қаламчаларни келтириш қатъиян ман этилади. Ҳашарот тарқалган далалардаги кўчатларни цитрус инли куялардан тозалашда туман Карантин бўлими мутахассисларига мурожаат қилиниб, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда кўчатларга фосфор-органик препаратлар ишлов берилиши лозим.
Шоҳрух ЭРГАШЕВ,
туман ўсимликлар карантини
давлат инспекцияси агроном-инспектори.