Жиноятнинг яхши-ёмони бўлмайди. Ҳар қандай жиноий қилмиш жиноят ҳисобланади. Жиноятга эса жазо муқаррар. Туманда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, одамларнинг судга бўлган ишончини янада ошириш, фуқароларнинг хуқуқий билимини ошириш мақсадида асосан жойларга чиқиб, сайёр суд ўтказиб келмоқдамиз. Ўтказилаётган сайёр судларда жамоатчиликнинг кенг вакиллари, жумладан ўзининг ибратли ишлари билан эл орасида ҳурмат топган ёши улуғ инсонлар, уюшган ва уюшмаган ёшлар, ҳуқуқбузарликка мойил бўлган шахслар, пробация назоратида турган шахслар ва маҳалла фаоллари иштирок этишмоқда. Очиқ сайёр суд жараёнларида халқимизнинг кечиримли бўлиш ва бағрикенглик каби азалий қадриятларидан келиб чиқиб, инсонпарварлик, шаффофлик ва одиллик принципларига таянган ҳолда иш кўраяпмиз. Маълумки, аёл жинсдаги шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, уни қўрқитиш йўли билан, ожизлигидан фойдаланиб номусга тегиш жинсий эркинликка қарши жиноятлар турига мансуб бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси билан жазоланади.
Ушбу модда бўйича:
Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш,-уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Номусга тегиш:
а) икки ёки бир неча шахсга нисбатан;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд илгари ушбу Кодекснинг 119-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан;
г) ўлдириш билан қўрқитиб содир этилган бўлса;
-етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Номусга тегиш:
а) шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда;
б) яқин қариндошга нисбатан;
в) оммавий тартибсизлик қатнашчиси томонидан;
г) ўта хавфли рецивист томонидан содир этилган бўлса;
д) оғир оқибатларга олиб келган бўлса;
-ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш- ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўтган 2021 йилда туманимизда 3 та ЖКнинг 118-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган 3 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб тамомланган. Ушбу номусга тегиш жиноятлари, жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, судланувчиларга нисбатан тегишли жазолар тайинланган.
Туманнинг Улуғбек”, “Янгиариқ” ва “Лалмикор” маҳаллаларида ўтказилган сайёр судларда суд-ҳуқуқ идоралари ходимлари томонидан қилмишнинг оқибати, жиноятга жазо муқаррарлиги, ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида сўз борди. Иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга тўлиқ жавоблар қайтарилди.
Ф.РАХМАНОВ,
Самарқанд вилоят судининг раиси.
Ғ.НЕГМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг раиси.