Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради. Улар учун ягона ва энг қаттиқ талаб – бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.
Сўнгги йилларда бошқа соҳалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада шаффофлик ва инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда иш юритиш асосий вазифаларимиздан. Шу боисдан ҳам одамларнинг ортиқча вақт йўқотишлари ва оворагарчиликларига барҳам бериш мақсадида белгиланган график асосида бевосита жойларга чиққан ҳолда “Сайёр қабул”лар ўтказиб келинмоқда. Халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалалар имкон қадар жойида кўриб чиқилмоқда. Шунинг баробарида фуқароларга қилмишнинг жиноий оқибатлари, жиноятга жазо муқаррарлиги тўғрисида ҳам тарғиботлар олиб борилмоқда.
2022 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори айни вақтида қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш таъкидланган.
Шунингдек, қарорда судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш белгиланган бўлиб:
- ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;
- маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;
- маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш;
- бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш каби бир қатор тартиблар белгиланган.
Халқ ишончини оқлашда қарорлар ижросини сўзсиз таъминлаш, судлар фаолиятида шаффофлик, инсонпарварлик, кечиримлилик тамойиллари асосида иш юритиб, одил судловни амалга оширишда биз бундан буён ҳам жамоатчилик ролини ошириш, аҳоли билан мулоқотни янада кенгайтириш, жойларда сайёр судларни кўпроқ ўтказишни мақсад қилганмиз.
Ш.ТАВБАЕВ,
Самарқанд вилоят судининг судъяси.
Ж.ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Ж.ФАЙЗУЛЛАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг раиси.