Жиноят ишлари бўйича туман суди раисининг навбатдаги сайёр қабули “Деҳқонобод” МФЙда бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган ушбу сайёр қабулда асосий мавзу туманда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганишга қаратилди.
Кейинги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилмоқда. Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига чек қўйилди. Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Жойларда судьяликка номзодларнинг шахсий ва касбий сифатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилди. Адолат, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида судда ишларни электрон тақсимлаш тизими амалиётга киритилди. Эндиликда инсон аралашувисиз ишни қайси судья кўришини электрон дастур белгилайди. Суд-тергов фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, оворагарчилик ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида “электрон жиноят иши” ва “масофадан туриб сўроқ қилиш” тизимлари ҳам жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар киритилмоқда. Жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат – коррупциядир. Шу боисдан ҳам эндиликда коррупцияга йўл қўйганлик учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддасида пора олиш 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади. 211-моддасида пора бериш 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш, 212-моддасида пора олиш-беришда воситачилик қилиш 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади. 213-моддасида хизматчини пора эвазига оғдириш 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан, 214-моддасида эса товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш учун жиноий жавобгарлик 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши белгиланди.
Ўтган 2018 йилда туманимиздаги МФЙлар билан солиштирганда “Деҳқонобод” МФЙда 4 та ўғирлик ва гиёҳвандлик жинояти кўп содир этилган. Шу боисдан ҳам ушбу ҳудудда аҳоли билан ўтказилган сайёр қабулда фуқароларга жиноят тушунчаси, унинг салбий оқибатлари ва мазкур жиноятнинг олдини олиш чоралари тўғрисида атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.
Фарход ХУДОЙБЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.