Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси ҳамда одил судловга эришиш вазифаси барча тоифадаги суд ишларини маҳалла ҳудудларидаги сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш орқали жамоатчилик ролини ошириш шаклида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилиб, унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини суд амалиётига жорий этиш, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий-ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш белгиланди.
Суд ишларини кўриш жараёни шаффофлигини, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, одиллик ва адолатпарварлик, инсонпарварлик тамойили асосида ўтказилишини ҳамда Президент фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида асосий зарур тадбирлар бевосита жойларда аҳоли ўртасида ўтказилмоқда. Шу билан бирга фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича тушунчалар берилиб, тарғиботлар ўтказиб келаяпмиз. Жумладан, жорий йил бошидан ҳозиргача 130 та суд ишларидан 50 таси 31 та маҳаллада, жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилди. Шунингдек, телевидениеда 7 та, газетада 4 та, радио орқали 1 та чиқишлар қилинди. Жойларда ўтказилаётган бундай сайёр суд мажлислари ва тарғиботларимиз ўз самарасини бериб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг камайишига эришмоқдамиз.
Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.