Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда жиноий жазолар енгиллаштирилиб, жиноят содир этган шахсларга нисбатан кўпроқ озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилмоқда. Бу албатта, уларга ўз хатосини тўғри англаб, келгусида соғлом турмуш тарзига қайтишларига ва энг асосийси, оиласи бағрида бўлишларига имкон беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4006-сонли “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинганларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий мослашувида пробация бўлимларига ҳар томонлама амалий кўмаклашиш ва самарали ҳамкорликни ташкил этиш ҳамда уларнинг шахсий жавобгарлиги юклатилган. Қарорда назорат остидаги шахсларни бошқа ташкилотлар ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда ҳаётга ижтимоий мослаштириш, уларни ахлоқан тарбиялаш ва бандлигини таъминлашнинг шаффоф ҳамда янада самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижросини таъминлашда Пробация хизматининг асосий вазифаси сифатида жазо муқаррарлигини таъминлаш баробарида, назоратга олинган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришдан иборатдир. Биргина жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида ижтимоий мослаштириш орқали белгиланган жазони ўташга ҳалол муносабатда бўлган 36 нафар назоратдаги шахслар ўталмай қолган жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Туман ички ишлар органлари Пробация гуруҳи ташаббуси билан туманда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилган тадбирда маҳаллаларда истиқомат қилувчи 14 нафар Пробация ҳисобида турган назоратдаги шахсларга кундалик эҳтиёжлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва шу билан биргаликда дезинфекцияловчи воситалар, ниқоблар тарқатилди. Назоратдаги шахслар билан ўтказилаётган суҳбат жараёнларида уларнинг муаммолари ўрганилиб, муаммоларини қисқа муддат ичида ҳал этиш чораларини кўрилмоқда.
Жўрабек ПЎЛАТОВ,
туман ИИБ Пробация гуруҳи катта
инспектори, капитан.