Мамлакатимизда давлат пенсия тизимини модернизация қилиш ва пенсия таъминотининг умумэътироф этилган принципларини жорий этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг муҳим ижтимоий ҳуқуқи сифатида кафолатланган пенсия таъминотини тубдан яхшилаш ва тизимдаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 декабрда имзолаган “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони пенсия таъминотини янада яхшилашни кўзда тутади. Ушбу Фармонга асосан 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилади ва ишлаётган пенсионерларга пенсия тўла миқдорда тўланади.
Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблашда қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдори оширилишини ҳисобга олган ҳолда пенсиялар миқдорини қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминлайди.
Жойларда пенсия ва нафақа олувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ташаббуси билан "СМС-пенсия" хизмати жорий қилинди. Ушбу интерактив хизмат орқали пенсионерларнинг мобиль алоқа воситаларига тўланган пенсия миқдори, муддати тўғрисида бепул маълумот юборилиши таъминланмоқда. Бу фуқароларга пенсия миқдорининг ҳисоби, назоратини юритиш имкониятини яратди.
Шунингдек, Халқ банки томонидан пенсия ва нафақа тўловлари ўз вақтида ва тўлиқ етказилишини таъминлаш, маблағлар ҳаракати устидан доимий назорат ўрнатиш мақсадида сайёр кассалар учун ажратилган автомашиналарга GPS қурилмалари ўрнатилди. Энди ҳар бир фуқарога тўланган пенсия ва нафақани "онлайн" тизимда мобиль қурилма (планшет) орқали қайд этиш ва автоматик равишда бу тўғрисида фуқарони хабардор қилиш тизими йўлга қўйилди.
Халқ банки томонидан пенсия жамғармаси ва давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, почта тизимида кузатилган тўлов қайдномаларига асоссиз ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида Пенсия жамғармаси билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилиб, тўлов қайдномалари қатъиян электрон шаклда юритилиши жорий этилди. Бугунги кунда Халқ банки сайёр кассалари томонидан туман бўйича 15200 нафардан зиёд пенсия ва нафақа олувчиларга ҳар ойда 7,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ойнинг 27 санасига қадар етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, пенсия ва нафақалар тўловини тўлиқ автоматлаштириш, пенсия олганлигини ёзма равишда тасдиқлаш билан боғлиқ жараёнларни электрон шаклга ўтказиш мақсадида пенсионерларнинг "Электрон гувоҳномаси – ID-card"ни амалиётга татбиқ этиш ишлари олиб борилмоқда.
Тизимда амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар кекса авлод вакилларининг туманимизда ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаши, уларга муносиб турмуш шароити яратишдек олижаноб мақсадларга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир. Бу каби ғамхўрликлар пенсия олувчи аҳоли қатламини мамнун этаяпти.
Норбўта ЭРМАТОВ,
туман Пенсия жамғармаси
бошлиғи ўринбосари.