Ассалому алейкум, ҳурматли юртдошлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари!
Мен бугун сизларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида Булунғур туманида амалга оширилаётган ишлар, келгуси режаларимиз тўғрисида маълумот бериб ўтмоқчиман.
2021-йил 9-сентябр куни Давлатимиз Раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этииш ва ҳудудларда ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт кўчатлари экилиши тўғрисида топшириқ берилган эди.
Лойиҳа доирасида Булунғур туманида жами 1 млн. 109 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ва буталари экилиши режалаштирилган. Шундан ноябр-декабр ойларида, яъни “долзарб 40 кунлик” давомида 499 минг дона ҳар хил турдаги кўчатлар экилиши белгиланган бўлиб, амалда 458 100 туп мевали ва манзарали кўчатлар экилиши таъминланди. Шундан:
- Умумфойдаланувдаги автомобил йўллари ёқасига 102 км масофага 29 минг туп;
- қишлоқ хўжалиги ерларида иҳота дарахтзорлар барпо этиладиган ерларда 35 минг туп;
- фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига 146 минг туп;
- ижтимоий соҳа (мактабгача таълим, мактаб, коллеж, тиббиёт муассасаларида) объектлари ва ташкилотлар ҳудудларида 28 минг 100 туп;
- корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳудудларида 90 минг туп;
- тумандаги ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудлар ва объектларда 95 минг туп;
- тумандаги маҳаллалар ва бошқа объектлар ҳудудларида 35 минг туп кўчатлар экилиши таъминланди.
Албатта, кўчатларни экишда уларнинг келгусида ўсиб, униб кетишига эътибор қаратишимиз лозим. Шу сабабдан экилаётган ҳудуди ва мақсадига кўра, турли навдаги мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Хусусан, бугунга қадар маҳаллий иқлим шароитига мос келувчи тут, жийда, ёнғоқ, узум каби мевали, каштан, лола дарахти, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павловния, терак, акатсия, чинор, қрим қарағайи, арча каби манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди.
Буларнинг барчаси бугунга қадар амалга оширилган ишлар бўлиб, олдимизга қўйган маррамизнинг бир қисми холос. Туманимизни яшилликка айлантириш йўлидаги ташаббус давом этади. Хусусан, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 2-феврал куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда юртбошимиз томонидан халқимизнинг миллий қадриятлари ёдга олинди. Дарҳақиқат, ота-боболаримиз оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экишган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Йиғилишда сўнгида жорий йил 1-мартдан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинган бўлсада, ҳеч биримиз унутмаслигимиз керакки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас! Ундан кўзланган мақсад ҳисобот учун дарахт экиш, рақамларнинг ортидан қувиш эмас. Экологик муҳит тобора ўзгариб бораётган бир даврда масалага ниҳоятда жиддий эътибор қаратишимиз, уни чинакамига умуммиллий ҳаракатга айлантиришимиз лозим. Бунинг учун албатта халқимизга суянамиз. Сабаби, мазкур ҳаракатларимиз кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмас, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонга кириб бормас эканмиз, кўзланган мақсадимизга эриша олмаймиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Биз “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири доирасида амалга оширадиган вазифаларимизни аниқ белгилаб олганмиз. Хусусан, туманнинг Мингчинор маҳалласи ҳудудида фойдаланилмасдан турган 1.35 га ер майдони ажратилиб, туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан кўчатчилик маркази ташкил этилди. Бу ерга атиргул, узум, гилос, арча, анжир, теракнинг турли навларидан жами 49 минг 300 туп мевали ва манзарали дарахт қаламчалари экилди. Мазкур қаламчалардан келгусида туманимизни яшил ҳудудга айлантириш мақсадида фойдаланилади. Керак бўлса, кўчатлар аҳолига бепул тарқатилади.
Хабарингиз бор, туманнинг Булунғур маҳалласида жойлашган туман марказий Истироҳат боғи ҳудуди реконструксия қилиниб, бутунлай янгича қиёфа касб этмоқда. Мазкур боғ ҳудуди ҳам келгусида сўлим масканлардан бирига айлантирилиши режа қилинган бўлиб, шу мақсадда 3 минг туп турли манзарали дарахат ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган. Бугунги кунда жараёнлар давом этмоқда.
Бундан ташқари, 2022-2023-йилларда туманнинг Олмазор маҳалласи ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши белгиланган бўлиб, ҳудудда аҳоли истиқомат қилиши учун қулай шароит яратилади. Турар жой бинолари, ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, “яшил ҳудуд” ҳам барпо этилиши режалаштирилган. Шу мақсадда ҳудуддан 2 га ер майдони ажратилган. Бу ерга 1 минг 250 туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари ўтқазилади.
Шунингдек, жадал суръатларда ривожланиб бораётганлиги инобатга олинган ҳолда туманнинг Мингчинор маҳалласи ҳудудида ҳам сўлим боғ яратилиши режалаштирилган. Бунинг учун ҳудуддаги фойдаланилмасдан турган 2,5 га ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда 1 минг 560 туп кўчатлар экилиши белгиланган. Ҳозирда бу борадаги ишлар бошлаб юборилган.
Шу ўринда масаланинг бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратиш лозимки, кўчат экиш билан иш битмайди. Уларни парваришлаш, униб, ўсиб кетишини назоратга олиш зарур. Бу борада ҳам зарурий чоралар белгилаб олинган. Мисол учун оладиган бўлсак, биргина М-39 автомагистрал йўли бўйлаб жами 15 дона сув иншооти қурилиши белгиланган бўлиб, шундан 6 таси туман ҳокимлиги томонидан ҳамда 9 таси Ўрмон хўжалиги томонидан қурилиши режалаштирилган. Бугунги кун ҳолатига кўра, туман маҳаллий бюджетидан 150 млн сўм маблағ ажратилиб, 1 дона сув иншооти барпо этиш ишлари якунланган ва 1 дона мавжуд сув иншооти таъмирланган. Бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилади.
Ҳурматли булунғурликлар!
Шу фурсатдан фойдаланиб, мен туманимиз аҳолисига ҳам мурожаат қилмоқчиман:
Бугун амалга оширилаётган барча саъйи-ҳаракатларимиз сиз-у бизнинг фарзандларимиз яшайдиган шу она замин мусаффолиги учун хизмат қилади.
Доно халқимизда “Яхшидан боғ қолар”, деган ҳикмат бор. Шундай экан, ушбу эзгу ташаббусни барчангиз томонингиздан ҳамжиҳатлик билан қўллаб-қувватланишини сўраб қоламан. Келинг, ҳар биримиз аввало ўз хонадонимиз ободлигига ҳисса қўшайлик. “Оз-оз тўпланиб, дарё бўлур”, деганларидек, барча уйлари обод бўлган кўча файзли кўчага, барча кўчалари обод бўлган маҳалла обод манзилга айланади.
Ҳар биримиз уйимиз ташқарисига камида 10 та, ичкарисига 5 тадан дарахт эксак, ҳам яшаш манзилимиз обод бўлади, маҳалламиз яшиллиги янада ортади, шунингдек, бунинг роҳатини ўзимиз, келгусида фарзандларимиз, невараларимиз кўради.
Ҳар биримиз ўз яшаш хонадонимиз атрофида кичик бир гулзор барпо этсак, ўйлайманки, ўтган-кетганнинг баҳри-дили яйрайди, шу хонадон, шу кўча, шу маҳаллага ҳар кимнинг ҳаваси келади, аллоҳ ризқ-барака беради.
Юртимиз бўйлаб жорий йил 1-мартдан бошланадиган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида фаол иштирок этайлик! Жонажон ватанимиз, она заминимиз яшиллигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Эътиборингиз учун раҳмат. Саломат бўлинг!