Фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан 2021 йил 12 ой давомида 409 та корхона, ташкилот, муассасаларни ва халқ хўжалиги масканларини, 33643 та фуқаролар яшаш хонадонларининг ёнғинга қарши холати тўлиқ ва қайта текширилиб чиқилди. Текшириш жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳамда унинг ижросини бажармай келаётган 109 нафар жавобгар шахслар ва фуқароларга нисбатан 29.827.500 сўм миқдорда маъмурий чора кўрилди. Ёнғин хавфи чиқиши мумкин бўлган 21 та бино ва иншоотларнинг, 877 та носоз газ, электр тармоқларидан фойдаланиш ҳолати вақтинчалик тақиқланди. Инсонлар ҳаётини ёнғинлардан ҳимоя этиш мақсадида, туман газ таъминоти, электр назорати идоралари, маҳалла раислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамкорликда уй-жойларда газ иситиш печи, қозони ва ускуналаридан фойдаланиш ҳамда уй-жойлардаги носоз газ ва электр иситиш печ ва ускуналарини соз ҳолатигач келтириш, кенг омма орасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида вилоят, туман рўзномалари саҳифаларида17 та мақола чоп этилиб, маҳаллий радио тармоқлари орқали 321 та радио эшиттирувлар олиб борилди. Маҳаллаларда ва йирик корхоналар ҳамда ўқув муассасаларида, чойхона масжидларда оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда 479 та йиғинлар ва учрашувлар ташкил этилиб, ушбу учрашувларда, 34957 на ишчи ва хизматчилар ҳамда фуқаролар иштирок этиб, уларга тегишли йўриқномалар ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Олиб борилган ишларга қарамасдан туманимиз ҳудудида 2021 йилнинг 12 ойи давомида 45 та ёнғин содир бўлган.
Ҳурматли юртдошлар!
Ҳар биримиз яшаш уйларимизда юқорида таъкидлаб ўтилган ёнғинларга йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш мақсадида қуйидаги тадбирларга амал қилишимиз шарт:
Носоз газ ва электр асбоб ускуналаридан ва синовдан ўтказилмаган маиший газ балонларидан фойдаланмаслик, хорижий давлатида ишлаб чиқарилган ҳар хил турдаги иситиш печларидан фойдаланмаслик, газ плиталарини ёқиб назоратсиз қолдирмаслик, иситиш печларининг мўрисини қоидалар асосида ўрнатиш, хусусий савдо дўконлари ва яшаш хонадонларида нефть маҳсулотларини сақлаш ҳамда сотишга йўл қўймаслик, очиқ оловдан фойдаланиш вақтида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, маҳаллалар ҳудудида мавжуд бўлган сув ҳавзаларини таъмирлаб, сув билан тўлдиришимиз керак.
Азиз фуқаролар!
Ёнғин чиқиши - бу катта талофат бўлиб, қурилиш ва биноларни бир пастда кулга айлантириши, баъзи ҳолларда эса инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши ҳам мумкин. Оловга нисбатан жиддий муносабатда бўлиб, ундан фойдали мақсадда фойдаланилиши ва меъёр талабларига амал қилиниши билан ёнғин келиб чиқишининг олдини олган бўламиз.
Дилмурод ЖАББАРОВ,
туман ФВБ бошлиғи, капитан.