Совуқ тушиши билан хонадонларда фуқаролар, ташкилот ва корхоналарда ишчи ходимлар иситиш печларига эҳтиёж сезишади. Бунда улар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилишлари лозим бўлади. Шу мақсадда ҳозирда масъул ходимларимиз туман газ таъминоти идораси, электр тармоқлари идораси, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ва туман ИИБ профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда фуқаролар турар-жойларининг ёнғинга қарши ҳолатини текшириб, муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиб, қоидабузарларни маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама этиб, тегишли чоралар кўраяпмиз.
Жойларда кўнгилсиз, нохуш ва фожиавий ҳодисаларнинг олдини олишда фуқаролар электр қурилмаларидан фойдаланишда техник ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилиши муҳимлиги, газ қурилмаларидан фойдаланишда табиий газдан резина шланг орқали иситиш печларига, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланмаслик, газ ускуналарини назоратсиз қолдирмаслик, тез аланга олувчи бензин, керосин ва соляркаларни 20 литр сиғимдан кўп бўлмаган идишларда оғзи берк ҳолда, хавфсиз жойларда сақлашликни тавсия қиламиз.
Оловга нисбатан жиддий муносабатда бўлиб, ундан фойдали мақсадда фойдаланиб, меъёр талабларига амал қилиб, эътиборли бўлсак, ёнғин келиб чиқишининг олдини олган бўламиз.
Дилмурод ЖАББОРОВ,
туман ЁХБ катта инспектори, лейтенант.