Шуҳратжон юртимиз мустақиллиги билан тенгдош, у 30 ёшда. Айни пайтда куч-қувватга тўлган, мустақил юртимизнинг асил фарзанди бўлиб вояга етган Шуҳратжон дастлабки таълим-тарбияни ўзи туғилиб ўсган Эрганакли қишлоғидаги 35-умумий ўрта таълим мактабида олди. 9-синфни аъло баҳоларга битириб, Самарқанд шаҳридаги Тиббиёт техникумида таҳсил олди. 2018 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ветеринария факультетининг жонлантириш бўлимини битирди. Айни пайтда туман ветеринария бўлимининг жонлантириш бўлими шифокори сифатида аҳолига беминнат хизмат кўрсатмоқда.
-2021 йил нафақат Ўзбекистон халқига, балки бутун дунё аҳолисига оғир синов йили бўлиб келди, - дейди 75 ёшли Эркин бобо. - Халқимиз бундай оғир синовларни бошидан кўп кечирган. Коронавирус балосидан энди қутиламиз деб турганимизда 45-50 даражали жазирама иссиққа йўлиқдик. Шу иссиқ об-ҳаво туфайли кўп жойларда дов-дарахтлар, экинлар, ўт-ўланлар қурий бошлади. Бу ҳол чорвадорлар, деҳқон-у боғбонлар учун ҳам оғир синов бўлди. Айниқса, қир-адирларда, тоғларда ўтлаб юрган чорва моллари, қўй-эчкиларнинг касалликка чалиниши чорвадорларни шошириб қўйди. Мана шундай долзарб кунларда ўзимизнинг ветеринар врачимиз Шуҳратжоннинг ҳам қўли-қўлига тегмай қолди.
- Мана шундай кунларнинг бирида Оқтепа бозоридан 1 миллион 800 минг сўмга нозикгина, чиройли бузоқча сотиб олдик, - дейди Истиқлол маҳалласи фуқароси Умида Ҳусанова. - Эртасига бузоқчамиз ўрнидан тураолмай, беҳол бўлиб қолди. Нима қилишни билмай шошиб қолдик. Қўшнилар маслаҳати билан дорҳол ветеринария бўлимига мурожаат чилдик. Бизни обдон тинглаган ветеринар врач Шуҳрат ака бузоқни даволашга киришди. Бузоқчага иссиқ қаттиқ таъсир қилган экан. Ветеринар бузоқчага икки-уч марта муолажа қилди, қандайдир суюқ дори ҳам ичирди.
- Хавотир олманг, бузоқчангиз икки-уч кун ичида соғайиб кетади. Бузоқчани соя-салқин жойда боқинг, - деди. - Шуҳрат аканинг қўли дард кўрмасин, бузоқчамиз бир кунда ўрнидан туриб кетди. Бундан ҳаммамиз хурсанд бўлдик.
- Шуҳратжонниг ота-онасига раҳмат, - дейди Манзура Ғаниева. - Бизнинг ҳам ҳолдан тойган қўйларимизни жонлантириб берди.
- Шу кунларда кўп вақтимиз Ғўбдин тоғи этакларидаги қир-адирларда ўтаяпти, - дейди ветеринар врач Шуҳратжон Ҳамраев. - Бу ерларда боқилаётган моллар, қўй- эчкилар доимиий назоратимизда турибди. Бу касбга меҳр қўйишимга, қизиқишимга биология фани ўқитувчиси Фазлиддин Исмоиловнингхизмати катта бўлди. Мени тўғри йўлга бошлаган ўқитувчи устозим Фазлиддин Исмоиловдан миннатдорман.
- Шуҳратжон институтни битириб келиб, ветеринар врач сифатида иш бошлагач қишлоғимизда, умуман маҳалламиз ҳудудида касал моллар, паррандалар қолмади, - дейди Эрганакли маҳалласи раиси Темур Ўролов. - Ўзининг билимдонлиги ва меҳнатсеварлиги билан тез орада обрў топиб, халқимизнинг севимли ва ардоқли фарзандига айланди.
- Мустақиллигимиз тенгдоши сифатида жаннатмонанд юртимизнинг олийжаноб халқига заррача бўлсада мадад бўлаётганимдан бениҳоя хурсандман, - дейди ветврач Шуҳратжон Ҳамраев.
Раббим ҲОТАМОВ.