Юрт ва халқи равнақи йўлида астойдил ва ҳалол меҳнат қилган инсон ҳурмат қозониб, олқиш олади. Туманимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун бор куч-ғайрати, билими ва иқтидорини сафарбар этган Сайидхон Шохўжаев ҳам эл-юрт эҳтиромини қозонган инсон эди.
Асли Пастдарғом туманининг Чархин қўрғонида таваллуд топиб, ўша ерда мактабда таҳсил олган Сайидхон Шохўжаев 1964 йили Самарқанд Қишлоқ хўжалик институтининг Ветеринария факультетини битириб, ветеринария врачи мутахассиси дипломини олди. Шу йилиёқ у қўшни Ғаллаорол туманида меҳнат фаолиятини бошлаб, ветеринария бўлими бош врачи ўринбосари сифатида чорвачиликни ривожлантириш йўлида бор билим ва тажрибасини ишга солди. Кейинчалик икки йил Самарқанд туманида ҳам бош эпизоолог вазифасида ишлади. Унинг кейинги меҳнат фаолияти эса Булунғур тумани билан боғланди. 1967-1972 йилларда туман Ветеринария бўлимини, 1972-1974 йилларда туман Қишлоқ хўжалик бошқармасини бошқариб, ана шу соҳаларни ривожлантириш, маҳсулдорлигини ошириш учун ҳаракат қилди. Бу ҳаракатлар изсиз кетмади, туман вилоятда илғорлар сафидан жой олди.
Сайидхон Шохўжаев турли йилларда туманимиздаги “Победа” (ҳозирги Ғўбдин), Ҳамид Олимжон номли, Фозил Йўлдош номли, Мингчинор каби хўжаликларни бошқариб, билимли ва тажрибали раҳбар, халқ билан тил топиша оладиган оқил инсон эканлигини намоён эта олди. “Ғўбдин” хўжалигида у билан бирга ишлашган инсонларнинг фикрлари билан танишайлик-а:
Санақул ҳожи Исломов, 84 ёшда: - Сайидхон ака билан 5 йил бирга ишлашдик. Ўша вақтлари мен чорвачилик фермасида ишлардим. Кейинчалик 3000 бош қорамол боқиладиган чорвачилик комплексига ишга ўтдим. У киши чорвачилик комплексининг қурилишига бош бўлди. Ҳар бир ишни кўп йиллик тажрибасига таяниб юритар, буни бошқаларга ҳам ўргатиб борар эди.
Ҳазратқул ҳожи Сафаров, 72 ёшда: - Мен Саидхон Шохўжаевни ўзимга устоз деб биламан. У киши ҳозирги “Ғўбдин” хўжалигини бошқарган йиллари мен хўжалик касаба уюшмаси раиси сифатида фаолият юритганман. Раҳбар ва оқил инсон сифатида ишчилар, нафақадаги қариялар, фронт қатнашчиларига ғамхўрлик қилишни ўзига бурч деб билар эди. Шу боис, улар тез-тез санаторияларга, саёҳатларга хўжалик ҳисобидан бепул юбриб турилар эди. Саидхон ака хўжалик ҳудудини сув билан таъминлашни йўлга қўйиб, боғ-роғлар, узумзорлар яратишга эришди.
Яҳё бобо Тошпўлатов, 94 ёшда: - Саидхон Шохўжаев раҳбарлик қилган даврда мен сувчи бўлиб ишлаганман. У киши дала ишларини жуда яхши билар, ҳар бир қаторни қандай суғориш, сувни қайси пайтда қандай тараш кераклигини ҳам чуқур тушунтириб берарди. Биз сувчилар бунга амал қилар эдик.
Гулбой Холмаматов, 90 ёшда: - Мен хўжаликда механизаторлик қилар, “Олтой-4” трактори ва ўрим комбайнини бошқарар эдим. Сайидхон ака ҳар гал учрашганимизда “техникани бошқаришдан олдин албатта, техник кўрикдан ўтказ, сўнг ишга сол” дер ва буни назорат қилар эди. Шундай қилинса ҳам хавфсизлик таъминланар, ҳам иш унумли бўлар эди.
Нурмамат Қўнишев: - Мен техника гаражи мудири сифатида кўп йиллар Сайидхон ака билан бирга ишлашганман. Ўша йиллари хўжаликда қишлоқ хўжалиги учун зарур техникалар кўп эди. Уларни соз ҳолда ишлатиш учун зарур мутахассислар – токарь ва слесарлар ҳам етарли бўлиб, хўжалик раҳбари уларнинг ишларини кузатиб, ҳол-аҳвол сўрар, зарур маслаҳатларини берар, агар керак бўлса эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга ҳам бош бўлар эди.
Бу каби илиқ фикрларни Саидхон Шохўжаев раҳбарлик қилган бошқа хўжаликларда бирга ишлашган кишилардан ҳам эшитиш мумкин. Чунки, бу инсон ҳамма жойда, ҳамма вақт эзгуликни кўзлаб иш юритган. Эзгу ишнинг ҳам,унга амал қилганларнинг ҳам умри боқийдир.
Пўлат ЧЎМБОЕВ.