Фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан яқиндан таништириш мақсадида муҳтарам Президентимиз 2018 йил 7 февраль кунги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори биз ёшлар учун айни муддао бўлди. Яқинда мактабимизнинг тарих фани ўқитувчиси Мақсудхон Умаралиев, Ёшлар иттифоқи етакчиси Нафиса Садирова ва мактабнинг бир гуруҳ ташаббускор ўқитувчилари билан биргаликда қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига бир кунлик саёҳат уюштирдик. Шаҳарнинг тарихий обидаларива диққатга сазовор жойлари билан танишиб қайтдик.
Халқимизнинг “Минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал” деган нақлининг нақадар тўғри эканлигига саёҳатимиз давомида яна бир бор амин бўлдик. Саёҳат давомида буюк алломаларимизнинг нақадар улкан ишларни амалга оширганликларининг гувоҳи бўлдик.
Аввало, зиёратни биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, Йўлбарслар хиёбонидаги улуғвор ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳурмат бажо келтиришдан бошладик. Биз ўқувчилар шу пайтгача боболаримиз томонидан барпо этилган бир қанча осмонўпар бинолар, тарихий обидалар, масжиду-мадрасалар, Регистон ансамбли, Мирзо Улуғбек томонидан қурдирилган обсерватория каби бир қанча иншоотларни фақатгина суратларда кўрар, китобларда ўқир эдик. Бугун эса аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган бундай очиқ осмон остидаги музейларини ўз кўзларимиз билан кўриб, олам-олам таассуротлар билан қайтдик. Бундан кейин юртимизнинг бошқа шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштиришни режалаштириб қўйдик.
МуштарийМАВЛОНОВА,
18-умумтаълим мактабининг
9 “А”- синф ўқувчиси.