Ватан ҳимоячилари куни арафасида шаҳримизнинг Булунғур шоҳкўчаси байрам кайфиятидаги юртдошларимиз билан гавжум бўлди. Бу ерда ҳарбий қисм томонидан намойиш этилган ҳарбий техника ва қуроллар барчанинг, айниқса ёш авлод вакилларининг эътиборини тортди. Улар замонавий техника ва қуроллар билан танишиш билан бирга ҳарбий зобит ва аскарларга ҳавас билан қарашиб, эсдалик учун суратга тушишди. Ҳарбийлар эса барчанинг саволларига жавоблар қайтаришди ва намойиш этилаётган техника ҳамда қуроллар ҳақида маълумотлар беришди.
Туман ҳокими Б. Бахрамов барчани Ватан ҳимоячилари куни билан қутлади.
- Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Қуролли Кучлари юртимизнинг ишончли ҳимоячисига айланди, - деди туман ҳокими. - Бугунги кунда энг замонавий ҳарбий техника ва қуроллар ишончли қўлларда. Пухта ҳарбий тайёргарликка эга зобит ва аскарларимиз эса юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини сергаклик билан қўриқлашаётир.
Маданият ва аҳоли дам олиш маркази, 9-мусиқа ва санъат мактаби санъаткорлари, 11-МТМ тарбияланувчилари томонидан намойиш этилган концерт дастури юртдошларимизга байрамона хуш кайфият улашди.
Ўз мухбиримиз.