Биз хизмат қилаётган ҳарбий қисмда ҳам аскарларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбилаш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш, уни севишга ўргатиш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиш сирларини мукаммал ўрганиш асосий вазифаларимиздан бири саналади. Хафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш – Ватанпарварлик куни” деб белгиланиб, шу куни аскарлар билан уларнинг маънавий билимларини янада ошириш ҳамда Ватан туйғуси билан яшаш, уни улуғлашга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлод ва мактаб ўқувчиларида ҳарбий кўникмаларни шакллантириш, уларни ҳарбий тартиб-қоидалар билан яқиндан таништириб бориш, аскарларнинг ҳарбий қисмдаги яшаш, овқатланиш, спорт машғулотлари билан шуғулланиш, ҳарбий қуроллардан қандай фойдаланаётганликлари, дам олиш вақтини қандай ўтказаётганликлари билан яқиндан таништириб бориш мақсадида вақти-вақти билан “Мамлакатимиз маънавий-маърифий ислоҳотларнинг қаноти ва истиқболлари” мавзусидаги ҳарбийлар ҳамда мактаб ва коллеж ўқувчилари ўртасида учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Шундай учрашувлардан бири яқинда ҳарбий қисмимизда тумандаги 2-умумтаълим мактаби ўқувчи-ёшлари билан бўлиб ўтди. Давра суҳбатида туман Халқ таълими бўлими ижтимоий фанлар услубчиси Т. Бекназаров ва 2-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Қ. Муродовлар иштирок этишиб, бундай давра суҳбатлари, учрашувлар тез-тез мактабларда ҳам ўтказиб турилишидан ўқувчилар кўпроқ манфаатдор эканликлари ҳақида фикр билдиришди.
Нуриддин ОЛИМОВ,
Н-ҳарбий қисм хизматчиси,
кичик сержант.