Ўзбекистон Республикаси чегара қўшинлари Жартепа ҳарбий қисмида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Тўғриси, бу тадбирнинг бошланишини унга таклиф этилган ёшлар қатори ёши катта кишилар ҳам ўзгача кайфият ва ҳаяжонда кутиб олишди. Сабаби...
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 9 январь куни “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонунни имзолади.
Мазкур тарихий ҳужжат мамлакат миллий манфаатлари, қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган бўлиб, унда ҳарбий соҳада миллий хавфсизликни таъминлашнинг асосий мезонлари ва ёндашувлари ўз аксини топган.
Зеро, Президентимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлик принципларига, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашдек биз учун устувор бўлган тамойилларга таянган ҳолда, мамлакатимиз Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. Бу доктринанинг маъно-мазмуни биринчи марта очиқлик хусусиятига эга бўлди”.
- Қуролли Кучларда амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар натижасида Миллий армиямизнинг ташкилий тузилмалари бутунлай қайта кўриб чиқилди. Қуролли Кучларни тезкор-стратегик бошқаришнинг замонавий ва самарали тизими яратилди, - дейди ҳарбий қисм майори И. Рўзибоев. - Қўшин турларининг ўзаро ҳаракатланишини такомиллаштириш, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш, жанговар ва ўқув тайёргарликнинг тайёргарликнинг маъно-мазмунини ўзгартириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тубдан яхшиланди.
Мудофаа доктринаси очиқ хусусиятга эга, бу эса шунга ўхшаш концептуал ҳужжатлар қабул қилиш борасидаги чет эл тажрибасига мос келади.
Бугун армиямизда хизмат қилиш биз каби ёшлар учун ўзгача маъно-мазмун касб этади, - дейди 20-умумтаълим мактаби ўқувчиси Акмал Қиличев. – Намойиш этилган техника ва замонавий қурол-яроғлар билан танишиб, миллий армиямизнинг шундай қудрати, салоҳияти борлигидан, тўғриси, келажагмини ҳарбийликдан айро тасаввур этолмаяпман.
Бу хизматнинг жозибадорлиги фақат яратиб берилаётган имтиёз ва хизматчиларнинг моддий-ижтимоий жиҳатдан етарли даражада таъминлангани билангина боғлиқ эмас, албатта. Бу авваламбор, армия ёш авлод учун ҳақиқий мардлик, мустаҳкам ирода, юксак ватанпарварлик туйғусини, Ватанимизга севги ва садоқат туйғуларини тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айлангани билан изоҳланади.
- Бугун дунёнинг турли нуқталарида, ҳатто тараққий этган давлатларда ҳам нотинчликлар, урушлар кечаётган бир пайтда она юртимиздаги тинчлик-барқарорлик барчамизнинг бахтимиз, - дейди ҳарбий қисм кичик сержанти Д. Холиқова. - Айниқса, биз аёллар ҳар тонг яқинларимизни кўришга, ишга кузатиб, уларнинг тинч юртда, давлатимизнинг юксак эътиборидан баҳраманд бўлиб ўсаётганига шукрона айтамиз. Ва албатта, бунда мард ва жасур юрт посбонларининг хизмати беқиёслигини англаймиз.
Зафар ҒАФФОРОВ.